“Шовотландия” кафесидаги жиноят ишига раислик қилган судья интизомий жазога тортилди

Жамият

image

2022 йилда 4 нафар судьянинг ваколати муддатидан аввал тугатилди, 9 нафар судья интизомий жазога тортилди. Бу ҳақда Судьялар олий кенгаши Матбуот хизмати QALAMPIR.UZ’га маълум қилди. 

Жазога тортилган судьялар орасида “Шовотландия” кафесининг ёқиб юборилиши ва оқибатда 5 кишининг вафот этиши билан боғлиқ жиноят ишини кўриб чиқиш бўйичча суд мажлисига раислик қилган Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг раиси З.Бобонов ҳам бор. 

Қайд этилишича, 2022 йилнинг ўтган даврида тўрт нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилган. Уларнинг уч нафари ўз аризасига кўра, бир нафари судьялик қасамёдини бузгани сабабли лавозимидан озод этилган. 

Бундан ташқари жорий йилнинг 4 февраль куни пойтахт судларида фаолият кўрсатаётган: 

•    Х.Парпиев (жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг судьяси); 

•    А.Менглиев (фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг судьяси); 

•    И.Ражабов, Н.Ҳамидов, О.Гулямова, О.Исмолиов (Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьялари);

•    И.Сабиров (жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг раиси);

•    З.Бобонов (жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг раиси );

•    Ж.Нажимов (жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг судьяси) масъулиятсизлиги ва йўл қўйган хато-камчиликлари учун  интизомий жавобгарликка тортилган.

Эслатиб ўтамиз, “Шовотландия” кафеси ёқиб юборлиши ортидан гумонланувчилар Ф.Сайфиев ва Р.Абдураҳимовга чиқарилган суд ҳукмидан норози бўлиб, уларнинг оила аъзолари Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига мурожаат қилган эди. 

Жорий йилнинг 3 февраль куни ушбу мурожаат асосида илк апеллция суди ўз ишини бошлади.

3 февраль соат 15:00 га белгиланган суд мажлиси 2 соат кечикиш билан соат 17:00 да бошланган. Апеллция аризасини кўриб чиқиш бўйича биринчи суд мажлиси айбдор деб топилган Ф.Сайфиев ва Р.Абдураҳимовга суд мажлиси баённомаси берилмагани ва уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилмагани сабабли қолдирилган.

Адвокат Фазлиддин Шерматовнинг QALAMPIR.UZ'га айтишича, ҳимояси остидаги Р.Абдураҳимов ҳали ҳам баённомани олмаган.

"Шовотландия" иши 

(21.12.2021 й. – Жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани суди ҳукми. Раис: З.Бобонов)

Жорий йилнинг 27 февраль соат 03:51 да Чилонзор туманида жойлашган “Шовотландия” кафесида ёнғин содир бўлганди. Воқеа жойига 4 та ёнғин ўчириш бўлинмалари жалб этилиб, соат 04:37 да ёнғин тўлиқ ўчирилган.

Ёнғин оқибатида беш киши ҳалок бўлган ва кафенинг том қисми ҳамда ички жиҳозлари, 150 квадрат метр майдони ёниб, жиддий зарарланган. Фожиада Жавоҳир Ж. (1998 йилда туғилган), Худойшукур Х. (1998 йилда туғилган), Бибижон А. (1961 йилда туғилган), Мадина Б. (1999 йилда туғилган) ва Шоҳсанам А. (1996 йилда туғилган) ҳалок бўлган.

Тезкор-қидирув тадбирларида бинога қасддан ёнғин етказган шахс жорий йилнинг 27 февраль куни соат 03:30 ларда Matiz автомашинасида манзилга келиб, бино деворларига ўзи билан олиб келган шиша идишдаги суюқликни сепиб, сўнг яна бир идишдаги суюқликни бино ичкарисига отган ва аланга чиқишини кузатиб, ёнғин содир бўлганидан сўнг, воқеа жойини яширинча тарк этгани аниқланган.

Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 173-моддаси 2-қисми “б,в” бандлари (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилганди.

Ушбу жиноят муқаддам ЖКнинг учта моддаси билан судланган Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида яшовчи С.Ф. томонидан содир этилганлиги аниқланиб, ушланган.

Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосаларига кўра, бино ичида ухлаб ётган 60 ёшли аёл, 23 ёшли икки нафар йигит, 22 ва 25 ёшли икки нафар қиз ис газидан заҳарланиш фонида тананинг 100 фоиз 3−4 даражали термик куйиши оқибатида вафот этган.

Суд ҳукми билан ёнғинга сабабчи сифатида гумон қилинган 36 ёшли Рустам Абдураҳимовга Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг “а, в, д, ж, п” бандлари (қасддан одам ўлдириш), 165-моддасининг 1-қисми (товламачилик), 173-моддаси 2-қисмининг “б, в” бандларида (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга ЖКнинг 59-моддаси 4-қисми тартибида тайинланган енгилроқ жазоларни умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, 26 ёшли судланувчи Фазлиддин Сайфиев Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг “а, в, д, ж, п” бандлари (Қасддан одам ўлдириш), 173-моддаси 2-қисмининг “б, в” бандларида (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. Жиноят кодекси 59-моддасининг 4-қисми тартибида тайинланган енгилроқ жазоларни умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шовотландия иши

Баҳолаганлар

311

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар