“SHOVOTLANDIA” иши: адвокат тергов ва суднинг ҳалоллигига шубҳа билдирди

Таҳлил

Тошкентнинг Чилонзор туманидаги “SHOVOTLANDIA” кафесини ёқиш ва 5 кишининг ўлимида айбдор деб топилган Р.Абдураҳимов ва Ф.Сайфиевнинг оила аъзолари томонидан киритилган апелляция аризасига кўра, жорий йилнинг 3 февраль куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида апелляция суди бошлангани ва суд мажлиси айбланувчи Р.Абдураҳимовнинг суд баённомасини олмагани сабабли номаълум муддатга қолдирилгани ҳақида хабар берган эдик.

Жорий йилнинг 7 апрель куни суд ўз ишини бошлади. Суд мажлисида QALAMPIR.UZ ижодий жамоаси ҳам ҳозир бўлди. 

Апелляция судини кўрган судьялар таркиби ўзгармади, раислик қилувчи Ражабов, ҳайъат аъзоси Мусо Юсупов ва маърузачи судья Ғофур Омонов иштирокида навбатдаги суд мажлиси бошланди. Унда Р.Абдураҳимовнинг адвокати Фазлиддин Шерматов, Ф.Сайфиевнинг ҳимоячиси Галина Давидова ва жабрланувчи марҳум Мадина Болбекованинг отаси Одил Гулмуродов ҳам қатнашди.

Суд мажлисида Ф.Сайфиевнинг ҳимоячиси Галина Давидова сўзга чиқиб биринчи инстанциянинг суд тергови тўлиқ бўлмагани, иш бирёқлама кўрилган деб ҳисоблашини айтиб, бир нечта эътирозларини билдирди.

"Воқеа содир бўлган кафе тергов ходимлари томонидан кўздан кечирилган. Лекин, айни шу жараёнлар тасвирга олинган бирорта видеоёзувлар мавжуд эмас. Ҳимоям остидаги Ф.Сайфиевни яшаш манзилидан олиб кетишган ва у бунга ҳеч қандай қаршилик кўрсатмаган. У деярли икки кун давомида прокуратурада ноқонуний равишда ушлаб турилган. Тушунтириш хати шаклидаги бирламчи ҳужжат, қонунни ҳурмат қилмасдан олинган. Биринчидан, ушбу тушунтириш хати қаерда ва ким томонидан олингани кўрсатилмаган. 

Иккинчидан, бу жараёнларнинг барчаси адвокат иштирокисиз бўлган. 2021 йил 27 февраль соат 22:00 да терговчи Рашидов, ҳимоям остидаги Ф.Ш.Сайфиевни гумонланувчи сифатида ушлаб туриш тўғрисида баённома тузади. Ушбу баённомада қамоққа олиш жойи аниқ кўрсатилмаган. Бундан ташқари, ҳибсга олиш вақтида гувоҳлар бўлмаган. Бу Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 225- (ушлаб туриш баённомасини тузиш ва ушлаб туришнинг асослилигини текшириш) моддасининг бузилиши ҳисобланади.

Ҳимоям остидаги шахс Ф.Сайфиевни Р.Абдураҳимов ва "SHOVOTLANDIA" кафесининг эгаси Азиз Аҳмедов билан юзлаштириш ва бошқа тергов ҳаракатлари видеоёзувга муҳрлаган. Аммо улар ишга илова қилинмаган. Суд мажлиси давомида юзлаштириш жараёнларида олинган видеоёзувларни тақдим этиш сўралганда, флеш-диск техник сабабларга кўра яроқсиз бўлиб қолгани ҳақида айтишди.

Химоям остидаги Ф.Сайфиев кафе эгасининг молига зарар етказиш мақсадида “SHOVOTLANDIA” кафесини ёқиб юборган. Афсуски, кафе ичида бўлган беш киши ҳалок бўлган. Маълумки ҳолат содир бўлганидан сўнг, экспертиза ўтказилади. Афсуски, суд “вафот этганлар тириклигида куйганми ёки ўлганидан кейинми?” деб савол бермади. Биринчи инстанция судида суд-тиббий экспертиза ўтказган экспертга 50 га яқин савол бердим. Текширувлар қонун нормалари, методология ва ўзига хосликларга зид равишда ўтказилган. Мутахассисларнинг тавсифланган белгилари газ иситгичларини нотўғри ишлатиш натижасида одамларнинг ёпиқ жойларда углерод оксидидан ўлимига тўғри келади. Шундай қилиб, одамлар тириклигида вафот этган ва ўлимдан кейин ёниб кетгани, 100 фоиз аниқланмаган. 

Шу билан бирга "SHOVOTLANDIA" кафеси директори ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган. Афсуски, кафенинг техника қоидаларига амал қилмагани, у ерда ёнғиндан огоҳлантирувчи бирорта қурилма мавжуд эмаслиги ҳақида айтганимизга қарамай, суд уларнинг бу ҳаракатларига қонуний баҳо бермади.

Сайфиевга қўйилган моддаларда қасддан одам ўлдириш билан боғлиқ айбловлар ҳақида кўп гапириш мумкин. Судда ва тергов жараёнида унинг ўзига мутлақо нотаниш 5 кишини қасддан ўлдирганига оид бирон бир далил текширилмаган. Айбланувчи марҳумларнинг бирортасини танимасди ва кўрмаган ҳам. Ф.Сайфиев кафега А.Аҳмедовнинг мол-мулкига зарар етказиш мақсадида боргани, шунингдек, у ерда одамлар борлигини билмаслиги ва кўрмаганини ҳам тушунтирди. Бундан ташқари, Сайфиев Р.Абдураҳимовнинг ўт қўйиш ҳаракатларида иштирок этганлигини тасдиқловчи кўрсатма бермади. Яъни, Сайфиев ўт қўйиш нияти ҳақида [Р.Абдураҳимовга] ҳеч нарса демаган ва ўз хоҳишига кўра мустақил ҳаракат қилган.

Прокурор, Абдураҳимов ва Сайфиевларнинг бир неча йил олдин бир вақтда жазо ўтаганини асос қилиб олган. Судда бирорта гувоҳ қасддан одам ўлдиришда айбини тасдиқловчи бирор нарсани биламан, кўрганман ёки эшитганман, демаган. Олмазор туман судининг раиси З.Бобонов 5 кишининг ўлганини инобатга олиб, далил бўлмаган ҳолда икки нафар шахсни тўлиқ ҳукм қилган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 26-моддаси (Далилларни бевосита ва оғзаки усулда текшириш)да суд фақат судда текширилган далилларни ҳисобга олиши кераклиги инобатга олинмайди. Нима учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 23-моддасида назарда тутилган айбсизлик презумпциясиси ишламайди? Низо қўзғалувчиси А.Аҳмедов эса жазосиз озодликда юрибди?!

Юқоридагилардан келиб чиқиб, жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди томонидан 2021 йил 21 декабрда чиқарилган ҳукм малакавий, жазо тайинлаш, моддий даъволар бўйича қайта кўриб чиқилиши ва ўзгартирилиши керак деб ҳисоблайман”, дейди Ф.Сайфиевнинг ҳимоячиси Галина Давидова.


Суд мажлисида жабрланувчи сифатида қатнашган марҳум Мадина Болбекованинг отаси Одил Гулмуродов суддан адолат истаб, ҳукм ўз кучида қолишини сўради.

“Бугунги кунда судлар очиқ-ошкора, инсон манфаатини кўзлаган ҳолда ўтказилиши ҳақида гапириляпти. Судланувчи Ф.Сайфиевнинг адвокати ҳимояси остидагини "SHOVOTLANDIA" кафесининг директори Азиз исмли шахснинг мол-мулкига зарар етказиш мақсадида кафени ёққани ва у кафе ичидаги 5 та одамнинг жонига қасд қилиш нияти бўлмагани ҳақида айтяпти. Лекин, у бориб ёққан ва кафе ичидаги беш киши ёниб кетган. Фарзанд доғини ҳеч кимга кўрсатмасин. Мулкига зарар етказиш мақсадида ўт қўйган бўлса ҳам беш киши ёниб кетган. Агар у ерда 30 киши бўлганда нима бўларди?

Мен енгилроқ жазо беринг деган бўлардим, лекин 5-6 йилда қайтиб келиб, яна кимгадир зарар етказмаслигига ким кафолат бера олади? Адвокат Давидова айтганидек, суд мажлисида кафе эгасининг фаолиятига эътироз билдиргандим. Чунки у техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаган. Кафеда ёнғиндан огоҳлантирувчи сигнализация ёки бошқа қурилмалар бўлмаган. Бундан ташқари, у ерда ишлайдиган ходимларнинг кафенинг ўзида тунаб қолишларига ҳам рухсат берилган. Бу мумкин эмас. Азиз директор сифатида юқоридаги камчиликларга жавоб бериши керак. 

Инсон манфаати ҳамма нарсадан устун. Мен апелляция иши кўрилишига қарши эмасман. Лекин, суд ҳукми ўз кучида ўзгартиришсиз қолишини сўрайман”, дейди марҳум Мадина Болбекованинг отаси.

“SHOVOTLANDIA” иши
 
(21.12.2021 й. – Жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани суди ҳукми. Раис: З.Бобонов)
Жорий йилнинг 27 февраль соат 03:51 да Чилонзор туманида жойлашган “SHOVOTLANDIA” кафесида ёнғин содир бўлганди. Воқеа жойига 4 та ёнғин ўчириш бўлинмалари жалб этилиб, соат 04:37 да ёнғин тўлиқ ўчирилган.
Ёнғин оқибатида беш киши ҳалок бўлган ва кафенинг том қисми ҳамда ички жиҳозлари, 150 квадрат метр майдони ёниб, жиддий зарарланган. Фожиада Жавоҳир Ж. (1998 йилда туғилган), Худойшукур Х. (1998 йилда туғилган), Бибижон А. (1961 йилда туғилган), Мадина Б. (1999 йилда туғилган) ва Шоҳсанам А. (1996 йилда туғилган) ҳалок бўлган.

Тезкор-қидирув тадбирларида бинога қасддан ёнғин етказган шахс жорий йилнинг 27 февраль куни соат 03:30 ларда Matiz автомашинасида манзилга келиб, бино деворларига ўзи билан олиб келган шиша идишдаги суюқликни сепиб, сўнг яна бир идишдаги суюқликни бино ичкарисига отган ва аланга чиқишини кузатиб, ёнғин содир бўлганидан сўнг, воқеа жойини яширинча тарк этгани аниқланган.
Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 173-моддаси 2-қисми “б,в” бандлари (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилганди.

Ушбу жиноят муқаддам ЖКнинг учта моддаси билан судланган Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида яшовчи С.Ф. томонидан содир этилганлиги аниқланиб, ушланган.

Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосаларига кўра, бино ичида ухлаб ётган 60 ёшли аёл, 23 ёшли икки нафар йигит, 22 ва 25 ёшли икки нафар қиз ис газидан заҳарланиш фонида тананинг 100 фоиз 3−4 даражали термик куйиши оқибатида вафот этган.

Суд ҳукми билан ёнғинга сабабчи сифатида гумон қилинган 36 ёшли Рустам Абдураҳимовга Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг “а, в, д, ж, п” бандлари (қасддан одам ўлдириш), 165-моддасининг 1-қисми (товламачилик), 173-моддаси 2-қисмининг “б, в” бандларида (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга ЖКнинг 59-моддаси 4-қисми тартибида тайинланган енгилроқ жазоларни умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, 26 ёшли судланувчи Фазлиддин Сайфиев Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг “а, в, д, ж, п” бандлари (Қасддан одам ўлдириш), 173-моддаси 2-қисмининг “б, в” бандларида (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. Жиноят кодекси 59-моддасининг 4-қисми тартибида тайинланган енгилроқ жазоларни умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

171

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг