Шотландия мустақилликка эриша олишини айтган собиқ биринчи вазир бир ой ўтиб вафот этди
Олам
−
13 Октябрь
7600Шотландия 10-15 йил ичида янги референдумсиз ҳам Буюк Британиядан ажралиб чиқиши мумкинлигини айтган Шотландиянинг 2007-2014 йиллардаги собиқ биринчи вазири Алекс Салмонд бугун, 12 октябрь куни вафот этди. Бу ҳақда “Sky News” хабар берди.
Салмонд ТАСС мухбири билан бўлган интервьюда мустақиллик ғояси ҳақида кўрган-кечирганларини сўзлаб берганди.
“Мен бунга ишонаман. Менинг орзум ҳали амалга ошмади. Аммо бунга эришиш учун сиз уч босқичдан ўтишингиз керак”, деган марҳум вазир.
У 1987 йилда Жамоатлар палатасига (Британия парламентининг қуйи палатаси) биринчи марта кирганида, Шотландиянинг ўз парламентига эга бўлиши ҳақидаги фикрлар бошқалар учун кулгили туюлганини айтган.
Вазир Шотландия парламенти охир-оқибат 1999 йилда 1997 йилги референдум натижасида пайдо бўлганини қўшимча қилган.
“Алекс Салмонд йирик сиёсий арбоб эди. Гарчи конституциявий масалаларда бир-биримиз билан келишмаган бўлсак-да, унинг моҳир нотиқ бўлгани ва сиёсатга чинакам иштиёқи борлигини инкор этиб бўлмайди”, дея ёзади Британия ҳукуматининг собиқ раҳбари Риши Сунак ўзининг Х саҳифасида.
BBC радиоэшиттириш корпорациясига кўра, Салмонд Шимолий Македонияда нутқ сўзлаётган пайтда касал бўлиб қолган. Х даги сўнгги ёзув сиёсатчининг ўлими ҳақидаги биринчи хабарлар пайдо бўлишидан уч соат олдин чоп этилган.
Македониянинг “Лидер” порталига кўра, Салмонд тушдан кейин Охрид шаҳридаги меҳмонхонада вафот этган. Ўлим сабаби сиёсатчи иштирок этган анжуман иштирокчилари билан тушлик пайтида юз берган юрак хуружи бўлган. Тез тиббий ёрдам ходимлари етиб келиб, унга ёрдам бермоқчи бўлганида, у аллақачон жон берган эди. Бир кун аввал Салмонд Шимолий Македония собиқ президенти Георге Иванов (2009-2019), Цивилизациялар альянси халқаро маркази ва Берлин маданий дипломатия институти ҳамкорлигида ташкил этилган иккинчи Маданий дипломатия форумида нутқ сўзлаган.
Салмонд ўлимидан бир ой олдин ТАСС мухбири билан суҳбатда Шотландия ҳатто янги референдум ўтказмасдан ҳам 10-15 йил ичида мустақилликка эриша олишига ишончини билдирганди. Шу билан бирга, у ҳукмрон SNP инқирозни бошдан кечираётгани ва унинг ҳозирги раҳбари Жон Свинни мустақиллик ғоясини фаол равишда илгари сура олмаслигини таъкидлади. 2018 йилда унинг вориси Никола Стержен билан зиддият ва жинсий зўравонлик айбловлари фонида, Салмонд SNP’ни тарк этди ва 2021 йилда янги “Альба” партиясига асос солди.
Салмонд кўп йиллардан бери илгари сурган Шотландия мустақиллиги бўйича референдум 2014 йилда бўлиб ўтган. Унинг иштирокчиларининг 55 фоизи Эдинбург ва Лондон ўртасидаги иттифоқни сақлаб қолиш тарафдори эди. SNP бир неча йиллардан бери Буюк Британия Европа Иттифоқини тарк этганлиги сабабли янги овоз бериш зарурлигини таъкидлаб келади. 2016 йилда шотланд сайловчиларининг аксарияти миллий референдумда Брехитга қарши чиқди, Буюк Британия умуман Европа Иттифоқидан чиқишни қўллаб-қувватлади. Британия ҳукумати Шотландия бўйича янги референдум ўтказишдан бош тортди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15