“Шомуродовни яхши биламан”. Сречко Катанец Тошкентга етиб келди
Спорт
−
19 Август 2021
8769Бугун, 19 август куни словениялик мутахассис Сречко Катанец Тошкент шаҳрига етиб келди. У Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи бўлиш борасида Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан музокараларнинг сўнгги босқичида иштирок этади. Уни ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов кутиб олди.
Катанец Тошкент халқаро аэропортида кутиб олинди ва журналистларнинг бир қатор саволларига жавоб берди.
"Ўзбекистонда жуда кўп кучли футболчилар бор. Миллий жамоада ҳар куни нимадир ўзгариши мумкин. Ўзбек футболи ҳақида гап кетганда ҳурмат қилишга арзийдиган, кучли футболчиларга бой жамоа хаёлимга келади.
Шомуродовни биламан. Ҳар куни газеталарда у ҳақида ўқийман. Италияда ўйнаганман ва итальян футболини диққат билан кузатиб бораман. Унинг “Рома”га ўтганидан хабарим бор. Римда кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлади, деб умид қиламан. Шомуродов Ўзбекистон миллий жамоасига ёрдам бериши керак. Элдордан кўп нарса кутамиз, чунки у энди топ-жамоада. Ҳозир Моуриньо билан ишлайди. Бу мен ва миллий жамоа учун ҳам муҳим бўлган жиҳат ҳисобланади", дейди Катанец.
Маълумот учун, Сречко Катанец мураббийлик фаолияти давомида БАА, Македония ва Ироқ терма жамоаларида фаолият олиб борган. Словения терма жамоасини ўз тарихида илк марта Европа ва Жаҳон чемпионатига олиб чиққан.