Шольц Украина масаласида Трампга телефон қилди

Олам

image

Германия канцлери Олаф Шольц ва АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп кеча, 19 декабрь куни Украина масаласида телефон орқали суҳбатлашди. Бу ҳақда Германия федерал ҳукумати хабар берди.

Шольц ва Трамп суҳбат чоғида Европадаги хавфсизлик сиёсати муаммоларини муҳокама қилган. Улар Россиянинг Украинага қарши уруши жуда узоқ давом этгани ва имкон қадар тезроқ адолатли ва барқарор тинчлик йўлига кириш муҳимлигини таъкидлаган. Канцлер Украинани Россиянинг урушидан мудофаа қилишда зарур бўлган барча йўллар билан қўллаб-қувватлашда давом этишини айтган.

Германия канцлерининг расмий вакили Штеффен Хебештрайтнинг маълумот беришича, икки давлат расмийлари бошқа масалаларга тўхталмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германия канцлери Олаф Шольц ва Россия Президенти Владимир Путин 2022 йил охиридан буён биринчи бор телефон орқали мулоқот қилгани хабар қилинганди. Путин ва Шольц мулоқотда Россия-Украина урушини муҳокама қилган. Суҳбат давомида Украинадаги вазият бўйича батафсил ва очиқ фикр алмашилган. Владимир Путин урушга сабаб сифатида НАТОнинг йиллар давомида олиб борган агрессив сиёсатини таъкидлаган. Унга кўра, келажакдаги келишувлар Россиянинг хавфсизлик бўйича манфаатларини ҳисобга олиши, янги ҳудудий реалликларга асосланиши ва урушга сабаб бўлган омилларни бартараф этиши зарур.

Путин ва Олаф Шольц Россия ва Германия ўртасидаги муносабатларни ҳам муҳокама қилганди. Россия раҳбари муносабатларнинг барча йўналишларда мисли кўрилмаган даражада ёмонлашганини қайд этган ва буни Германия ҳукуматининг “нодўстона сиёсати” оқибати деб атаган. Шу билан бирга, Москва томони агар Германия томонида қизиқиш бўлса, ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилган. Шунингдек, томонлар Яқин Шарқдаги можарони ҳам муҳокама қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Олаф Шольц Штеффен Хебештрайт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг