Шоир ўзини осиб ўлдиргани маълум бўлди
3-саҳифа
−
06 Ноябрь
61714Кеча, 5 ноябрь куни шоир Мансур Жумаев 33 ёшида оламдан ўтгани ҳақида хабар берган эдик. Маълум бўлишича, у ўз жонига қасд қилган. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ сўровига жавобан Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Аниқланишича, 2024 йил 5 ноябрь куни тахминан соат 07:30 ларда Мансур Тўраевич Жумаев яшаш хонадонида ўзини осиб вафот этган. Ушбу ҳолатни аниқлаган турмуш ўртоғи тез тиббий ёрдамга мурожаат қилган.
Ҳолатга нисбатан бирламчи ташхисга кўра, у “бўйин соҳасида странгуляцион чизиғи мавжуд, юрак қон томир нафас етишмовчилиги” оқибатида вафот этган. Ҳозирда туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, Мансур Жумаев 1991 йил 17 февралда Қашқадарё вилояти Миришкор туманида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факультетини тамомлаган. У ҳаётининг сўнгги кунларида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Адабий тарғибот ва тадбирларни уюштириш бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритаётганди.
Шоирнинг “Оқ орзуларим”, “Ҳайрат қўшиқлари”, “Ҳазрати ишқ” номли шеърий тўпламлари нашр этилган. Яқинда “Излам” туркумида “Биз кутган фасл” номли шеърий тўплами чиққан.
Шоир “Ота юрт”, “Олдинда бир йўл бор...”, “Сужуд”, “Болалик”, “Менинг хатоларим”, “Эсингдами, ака...”, “Эртак ҳақида эртак”, “Ҳайрат қўшиғи”, “Китобсевар қизга”, “Йигирма аср табиби”, “Йўловчи қўшиғи”, “Сенга деганим” сингари Ватанга, эл-юртга муҳаббат, инсоний ва илоҳий туйғулар баланд пардаларда куйланган шеърлари билан ўқувчилар қалбидан жой олган.
Бир қатор асарлари рус, инглиз, турк, озарбайжон, тожик, қорақалпоқ ва бошқа тилларга таржима қилиниб, нуфузли хорижий нашрларда эълон қилинган.
Турли йилларда “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи” журналларида, “Янги Ўзбекистон”, “Ҳуррият”, “Китоб дунёси” ва бошқа марказий нашрларда шеър, ҳикоя, эссе ва публицистик мақолалари чоп этилган. Жумладан, “Хон қизининг ҳовлисида кечган мушоира”, “Кичкина одамнинг улкан қалби”, “Уйқудаги гўзаллар меҳмони”, “Улуғ Аттор ва жажжи жиянчам”, “Адиблари ардоқланган юрт”, “Булбул қачон баланд сайрайди?”, “Велосипедни қайтадан кашф этамиз!” сингари бадиий-публицистик мақолалари ўқувчини бефарқ қолдирмади.
Мансур Жумаевнинг “Альфа”, “Арилар кўзёши” каби ҳикоялари нафақат Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида, балки рус, озарбайжон ва бошқа хорижий тилларга таржима қилиниб, адабий-бадиий журналларда чоп этилган.
Марҳумнинг дафн маросими бугун, 6 ноябрь куни соат 11:00 да Қарши шаҳрида ўтказилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 сентябрь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоира Бибисора Туробова 72 ёшида оламдан ўтган эди.
LiveБарчаси