Шимолий Кореяда жазирамада ит шўрваси ичиш тавсия қилинди
Олам
−
15:16 1301 2 дақиқа
Шимолий Кореяда рекорд даражадаги жазирама фонида давлат оммавий ахборот воситалари фуқароларга иссиққа қарши ит гўштидан тайёрланган шўрва истеъмол қилишни тавсия қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Корея ярим оролида ҳаво ҳарорати кескин кўтарилган. Шимолий Корея давлат телевидениеси мамлакатда ҳаво ҳарорати 36,7 даражагача етганини маълум қилган. Бу метеорологик кузатувлар бошланганидан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткич экани айтилмоқда.
Давлат ОАВлари йилнинг энг иссиқ даври ҳисобланган самбок, яъни “ёзнинг ит кунлари” мавзусига алоҳида эътибор қаратиб, фуқароларга турли таомларни тавсия қилмоқда. Улар орасида ит гўштидан тайёрланган шўрва ҳам бор. Маҳаллий анъанага кўра, ушбу таом организмга жазирама иссиқни енгишга ёрдам беради.
Шимолий Корея давлат оммавий ахборот воситалари фуқароларга жазирама даврида тарвуз, бодринг ва мош каби салқинлаштирувчи маҳсулотлар билан бир қаторда ит гўштидан тайёрланган шўрва, балиқ бўтқаси, қизил ловия бўтқаси ҳамда женшен, ёпишқоқ гуруч ва хурмо билан тайёрланадиган самгетанг товуқ шўрвасини истеъмол қилишни тавсия қилган. Шунингдек, кўпроқ суюқлик ичиш, сузиш ва очиқ ҳавода жисмоний машқлар билан шуғулланиш тавсия этилган.
Расмий ахборот манбалари ит гўштидан тайёрланган шўрвани анъанавий ёзги таом сифатида тарғиб қилиб, жазирама кунларида уни истеъмол қилиш фойдали эканини таъкидлаган. Шунингдек, жорий йил бошида мамлакатда ит гўштидан таом тайёрлаш бўйича миллий танлов ўтказилгани маълум қилинган.
Бундан ташқари, фуқароларга кўпроқ суюқлик ичиш, сузиш ва очиқ ҳавода жисмоний машқлар билан шуғулланиш тавсия этилган. Шимолий Корея иссиқлик билан боғлиқ ўлимлар ҳақида маълумот бермаган, Жанубий Кореяда эса жазирама оқибатида 20 дан ортиқ киши вафот этгани хабар қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Кореяда сўнгги бир асрдан ортиқ вақт ичидаги энг юқори ҳарорат қайд этилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси