Шимолий Корея Япон денгизига ракета учирди
Олам
−
19 Март 2023
5241Бугун, 19 март куни Шимолий Корея Пхеньян вилояти шимолидаги ҳудуддан Япон денгизи томон қисқа масофали баллистик ракета учирди. Бу ҳақда “Yonhap” ахборот агентлиги Жанубий Корея армиясига таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, баллистик ракетанинг учиш масофаси тахминан 800 кмни ташкил қилган.
Сеул маълумотларига кўра, қисқа масофали баллистик ракета Тончханни полигони ҳудудидан учирилган. Снаряд Япониянинг эксклюзив иқтисодий зонасидан ташқарига қулаган.
Япония денгиз хавфсизлиги хизмати кемаларда снаряд парчалари аниқланса, уларга яқинлашмасликни тавсия қилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 март куни АҚШ ва Жанубий Корея ҳарбийлари “Озодлик қалқони” деб аталувчи қўшма ҳарбий машғулотларини бошлаган эди. Бу машғулотлар Шимолий Корея таҳдидларига қарши қаратилган бўлиб, 11 кун давом этиши режалаштирилган.
Бунга жавобан 16 март куни Шимолий Корея «Хвасон-17» қитъалараро баллистик ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказганди.
LiveБарчаси