Шимолий Корея Россия ёрдамида жосуслик сунъий йўлдошини учиришга тайёрланмоқда – ОАВ 

Олам

image

Шимолий Корея Россия ёрдамида жосуслик сунъий йўлдошини учиришга ҳозирлик кўрмоқда. Бу ҳақда Япония қирғоқ қўриқлаш хизмати хабар берди.

Жанубий Корея разведкаси маълумотларида айтилишича, бу жосуслик сунъий йўлдоши ҳисобланиб, Россия Украина билан урушдаги ёрдамга жавобан Пхеньянга ушбу йўналишда кўмак бермоқда. Жанубий Корея расмийлари КХДР ўзининг иккинчи ҳарбий жосуслик сунъий йўлдошини орбитага чиқариш ниятида экани ҳақида аввалроқ маълум қилган эди.

“КХДР билдиришномасида Корея яримороли ва Филиппиннинг Лусон ороли яқинидаги денгизда ракета ташувчи қурилма қолдиқлари тушиши мумкин бўлган учта хавфли зона аниқланди”, деб хабар бермоқда “Kyodo” агентлиги.

Жанубий Кореянинг юқори мартабали расмийси “Yonhap” агентлигига Россия Федерациясидан кўплаб мутахассислар КХДРга жосуслик сунъий йўлдошларини учиришда ёрдам бериш учун келганини айтган. Манбага кўра, бу Владимир Путин ўтган йили Шимолий Кореянинг сунъий йўлдош дастурини қўллаб-қувватлашга ваъда берганидан кейин содир бўлган.

КХДР сўнгги бор ўтган йилнинг ноябрь ойида жосуслик сунъий йўлдошини учирган ва 2024 йилда орбитага яна учта шундай қурилмани чиқаришга ваъда берган.

2022 йилнинг сентябрь ойида КХДР кўп сонли санкциялар ва БМТ резолюцияларига зид равишда, “душман кучлар” томонидан ҳужум таҳдиди юзага келган тақдирда қарши зарбалар бериш имконини берувчи ядро қуроли тўғрисидаги қонунни қабул қилиб, ўзини расман ядровий давлат деб эълон қилган.

Ҳарбий таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Шимолий Кореянинг жосуслик сунъий йўлдошларини учириши, Пхеньянга ўзининг потенциал рақиблари ҳақида ҳарбий маълумот тўплаш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг март ойида Жанубий Корея ва АҚШ 2018 йилдан буён биринчи марта КХДР томонидан юзага келиши мумкин бўлган ядровий таҳдидга қарши курашиш мақсадида кенг кўламли ҳарбий машғулотлар ўтказган эди.

Маъмура Тўраева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Россия Шимолий Корея

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг