Шимолий Корея БМТ Хавфсизлик кенгашини АҚШга ишлаётганликда айблади
Олам
−
17 Февраль 2023 4240 2 дақиқа
БМТ Хавфсизлик кенгаши АҚШнинг КХДРга бир томонлама босим ўтказиш воситасига айланмоқда. Чунки у Пхеньяннинг ўзини ҳимоя қилиш чораларини танқид қилади, бироқ Вашингтоннинг Корея ярим оролини ҳарбий базага айлантиришга уринишларини эътибордан четда қолдиради. Бундай фикрлар бугун, 17 февраль куни эълон қилинган Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибининг баёнотида айтиб ўтилди.
“Агар Хавфсизлик кенгаши Қўшма Штатларнинг хоҳиш-истакларини бажаришда давом этса, у ҳолда КХДР кенгашга норозилик сифатида мунтазам ҳарбий ҳаракатлардан ташқари қўшимча чора-тадбирларни кўриб чиқишга мажбур бўлади. Чунки Хавфсизлик Кенгаши АҚШнинг бир томонлама босим воситасига айланиб қолган”, дейди КХДР ТИВ вакили.
Шунингдек, Шимолий Корея БМТ Хавфсизлик кенгашини АҚШнинг хоҳишига кўра суверен давлатнинг ўзини-ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқини муҳокама қилишга қарор қилгани учун қоралашини маълум қилган. ТИВ вакилининг таъкидлашича, Хавфсизлик кенгаши Қўшма Штатлар ва Корея Республикасининг “агрессив ҳаракатлари”ни ҳисобга олмаган.
“Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгаши Корея яриморолидаги кескинликни пасайтириш учун вазминлик ва ўзини тута билишни кўрсатаётган КХДР билан асоссиз жанжаллашмоқда, бироқ ҳеч қандай хавотир билдирмаяпти ва ярим оролни ўзининг ҳарбий полигони ва ҳарбий базасига айлантирмоқчи бўлган Қўшма Штатларни жиловлашга уринмаяпти”, дейилади баёнотда.
У суверен давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик ва тенг ҳуқуқлилик тамойилини мустаҳкамлаган БМТ Низомининг АҚШ томонидан бузилишига халқаро ҳамжамият норозилик билдирмаётганидан афсусдалигини ҳам маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Пхеньянда Корея халқ армияси ташкил қилинганининг 75 йиллиги муносабати билан ҳарбий парад ўтказилган, унда баллистик ракеталар ҳам намойиш қилинган эди.
Алибек Бейжанов
Live
Барчаси