Ким Чен Ин қизи билан ҳарбий парадда қатнашди
Олам
−
09 Февраль 2023
6950Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин қизи билан Корея халқ армияси ташкил этилганининг 75 йиллиги муносабати билан ўтказилган ҳарбий парадда қатнашди. Унда қитъалараро баллистик ракеталар намойиш қилинди. Бу ҳақда бугун, 9 февраль куни “Корея овози” радиоси хабар берди.
Қайд этилишича, КХДР етакчисига бир қанча амалдорлар билан бирга қизи ҳам ҳамроҳлик қилган. Бу эса бутун дунё бўйлаб таҳлилчиларда қизиқиш уйғотган. Чунки Ким Чен Иннинг қизи яқин орада бўлган барча муҳим тадбирларда отасига ҳамроҳ бўлиб келмоқда. Шунинг учун баъзи кузатувчилар уни кейинги етакчи бўлишини тахмин қилмоқда.
Шунингдек, парадда тактик ракеталар экипажлари, узоқ масофали қанотли ракеталар, тактик ядровий кучларнинг қисмлари ва қитъалараро баллистик ракеталар намойиш қилинган. Кузатувчилар парадда қаттиқ ёнилғи двигателига эга янги қитъалараро баллистик ракета ҳам намойиш этилганини таъкидлаган.
Манбага кўра, Шимолий Кореянинг энг йирик қитъалараро баллистик ракетаси бўлган Hwasong-17’нинг ҳам 11 таси парадда кўрсатилган. Бу турдаги қуроллар ядровий каллак билан дунёнинг деярли исталган нуқтасига зарба бериш имконига эга.
“Биз олдинги парадларда кўрганимиздан кўра кўпроқ қитъалараро баллистик ракета учирувчи қурилмаларни кўрдик. Агар бундай қурилмалар бир нечта жанговар каллаклар билан жиҳозланган бўлса, бу рақам АҚШнинг мавжуд ракетага қарши мудофаа тизимларини тўлдириш учун етарли бўлиши мумкин”, дейди АҚШда жойлашган Карнеги халқаро тинчлик жамғармаси вакили Анкит Панда Тwitter’да.
Маълумот учун, Ким Чен Ин Марказий Қўмита пленумида тактик ядро қуролларини оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрган эди. Шу билан бирга, КХДР етакчиси имкон қадар тезроқ ҳарбий сунъий йўлдошни учириш бўйича ҳам кўрсатма берган. Парадда кўрсатилган ҳарбий техникаларнинг кўпчилиги ҳам етакчи топшириғи асосида яратилган.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси