Шимолий денгизда танкер ва юк кемаси тўқнашиб, ёниб кетди (видео)

Олам

image

Шимолий денгизда – Буюк Британия қирғоқлари яқинида нефть танкери ва юк кемаси тўқнашиб, ёнғин келиб чиқди. Ҳодиса оқибатида жами 32 киши жабрланди. Бу ҳақда “The Telegraph” хабар берди.

Нашрга кўра, бугун, 10 март куни Буюк Британия қирғоқ қўриқлаш хизмати Шимолий денгизда танкер ва юк кемаси иштирокида тўқнашув содир бўлганини хабар қилган.

“Ҳозирда қирғоқ қўриқлаш хизмати Шарқий Йоркшир қирғоқлари яқинида танкер ва юк кемаси тўқнашгани ҳақидаги хабарларга жавобан фавқулодда чораларни мувофиқлаштирмоқда”, дейилади хабарда.

Воқеа жойига Хумберсайд қирғоқ қўриқлаш хизматининг қутқарув вертолёти, шунингдек, тўртта шаҳардан қутқарув қайиқ ва ёнғин ўчириш имкониятига эга яқин атрофдаги кемалар етиб борган.

Ҳодиса иштирокчилари АҚШда рўйхатдан ўтган Stena Immaculate нефть танкери ва Португалия байроғи остида сузаётган Solong контейнер кемаси экани тасдиқланган.

“Sky News” хабарига кўра, Solong бугун эрталаб Шотландиядан жўнаб, Голландиянинг Роттердам шаҳрига бориши режалаштирилган.

“Кузатув тизими тасвирлари шуни кўрсатадики, нефть танкери ҳаракатсиз бўлган, Solong эса унга тўғри йўналишда ҳаракатланган. Грециядан Буюк Британияга кетаётган Stena Immaculate ўша пайтда лангар туширган”, дейилади хабарда.

Ҳодиса жойидан олинган тасвирларда кучли тутун ва олов акс этган.

“Яқин масофадан олинган тасвирлар Шимолий денгиздаги тўқнашув жойида катта ёнғин содир бўлганини кўрсатади. Қалин қора тутун устунлари аниқ кўриниб турибди”, дейилади хабарда.

Сўнгги маълумотларга кўра, тўқнашув оқибатида 32 киши жабрланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларига тегишли ядро реакторида ишловчи USS Harry S. Truman авиаташувчиси Ўртаер денгизида – Миср яқинида “Бешикташ-М” савдо кемаси билан тўқнашган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шимолий денгиз нефть танкери юк кемаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг