Ҳормуз бўғози яқинида учта кема ўққа тутилди
Олам
−
11 Март 3332 2 дақиқа
Бугун, 11 март куни Ҳормуз бўғози ҳудудида учта фуқаролик кемаси ўққа тутилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, Таиланд байроғи остида сузувчи “Mayuree Naree” қуруқ юк кемасида отишма оқибатида ёнғин юзага келган. Экипажнинг 23 нафар аъзоси Уммон Ҳарбий-денгиз кучлари томонидан эвакуация қилинган. Кема БААнинг Халифа портидан йўлга чиққан бўлган.
Шунингдек, Япония байроғи остидаги “One Majesty” контейнер ташувчиси ҳам ўққа тутилган. Кема диаметри 10 сантиметрли тирқиш олган ва яқин атрофдаги хавфсиз портга қараб кетмоқда. Контейнер ташувчи БААнинг Рас-ал-Хайма портидан йўлга чиққан.
Маршалл ороллари байроғи остида сузувчи яна бир қуруқ юк кемаси – “Star Gwyneth” ҳам корпусидан шикастланган. Кема экипажи жабрланмаган. Қуруқ юк кемаси отишма сабабли йўналишини ўзгартирган-ўзгартирмагани аниқ эмас.
Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) матбуот хизмати Эрон Ҳормуз бўғозини кесиб ўтишга ҳаракат қилган иккита қуруқ юк кемасига зарба берганини эълон қилган. Улардан бири – Либерия байроғи остида сузувчи, Исроилга тегишли “Express Rome” кемаси. Иккинчиси – Таиландга тегишли “Mayuree Naree” контейнер ташувчиси. ИИҚКнинг маълум қилишича, ҳар иккала кема ҳам огоҳлантиришларга эътибор бермаган.
Маълумот учун, Ҳормуз бўғози орқали нефтининг асосий қисми ўтади (жаҳон нефть трафигининг 20–25 фоизи). АҚШ ва Исроил Эрон ҳудудига зарбалар беришни бошлаганидан сўнг Теҳрон Ҳормуз бўғози орқали ўтиш йўлини ёпишини маълум қилди. Ушбу ҳаракатнинг тўхтатилиши аллақачон нефть нархининг сакрашига олиб келди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 10 март куни кечқурун Эрон Ҳормуз бўғозига миналар ўрнатишга киришгани ҳақида хабар берилганди. Шундан кўп ўтмай, Америка қўмондонлиги Ҳормуз бўғози яқинида Эроннинг бир нечта ҳарбий кемаларини, жумладан, мина ётқизувчи кемаларни йўқ қилганини билдирди.
Live
Барчаси