“Дўхтирлар чўнтагингизга қарайдиган бўлиб кетган”. Ўзбекистонликлар тиббиётдан розими?

Интервью

Иссиқ жонмиз. Турли хасталиклар билан тиббиёт ходимларига ишимиз тушади. Аслида, бемор учун даво излаб қайғурадиган ҳам, у билан бир қаторда касалликка қарши курашадиган ҳам шифокорлардир. Аммо, халқимизда “Беш қўл баробар эмас”, деган нақл бор. Бугунги кунда ўз бурчи ва вазифаларини унутиб қўяётган оқ халатлилар ҳам талайгина. Ҳатто, кўрсатган хизмати учун беморлардан мўмайгина пул талаб қилган шифокорлар ҳам йўқ эмас.

Тўғри, четдан туриб фикр билдириш осон. Танганинг иккинчи томони ҳам бор. Балки, давлат томонидан шифокорларга ажратилган ойлик маош уларнинг эҳтиёжи учун етарли даражада эмасдир. Шу сабабли ҳам, баъзи тиббиёт ходимлари беморлардан пул сўрашга мажбур бўлаётгандир. Шунинг учун улар ўз ишига нисбатан масъулиятсизлик қилаётгандир.

Хўш, сиз бугун тиббиётдан розимисиз? QALAMPIR.UZ бу борада айнан одамлар фикрини ўрганиш мақсадида ижтимоий сўровнома ўтказди. 

Бир респондентнинг айтишича, баъзи шифокорлар беморларга кераксиз дориларни ёзиб, ўзи яширин тарзда  ҳамкорлик қилаётган дори ишлаб чиқарувчи компаниялар билан қўшимча пул ишлар экан. Қолаверса, “Шифокорлар беморнинг чўнтагига қараб, муомала қилади. Айниқса, бу туғруқхоналарда илдиз отган муаммолардан бири”, деган фуқаролар ҳам топилди.

Шунингдек, тиббиёт тизими ва ходимларидан мамнун респондентлар ҳам кўп учради.

Бугун Ўзбекистон тиббиётидаги муаммолар, ўз ечимини кутаётган оғриқли масалалардан юртдошларимиз яхши хабардор. Аммо уларни тизимли равишда, тезкор ва самарали ҳал этиш йўллари ушбу соҳа вакилларига кўпроқ аён, десак хато бўлмайди. Ўтган беш йилда Соғлиқни сақлаш вазири бир неча бор ўзгаргани ҳам соҳа туб ислоҳотларга муҳтожлигидан далолат.

Шу мақсадда Президент Шавкат Мирзиёев яқин кунларда соғлиқни сақлаш тизими ходимлари билан “Ўзбекистон тиббиёти — инсон қадри учун” мавзусида очиқ мулоқот ўтказишга қарор қилган. Ушбу сўровнома эса Президент учрашувидан олдин ССВ раҳбариятига ас қотса, ажаб эмас. 

Ижтимоий сўровномани юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

тиббиёт пул шифокорлар

Баҳолаганлар

295

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг