Шерзод Шерматов битирувчиларга мактуб йўллади

Жамият 1842
image

Бугун, 25 май куни Ўзбекистондаги барча мактабларда жорий ўқув йили мавсуми якунига етиб, сўнгги қўнғироқлар чалинмоқда. 11-синф ўқувчилари эса, шунча йил таълим олган жонажон даргоҳлари билан хайрлашмоқдалар.

Ўу муносабат билан, Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мактаб битирувчилари, уларнинг ота-оналари, ўқитувчи ва мураббийларга табрик йўллади.

“Қадрли ўқитувчи ва мураббийлар, азиз ўқувчилар, ҳурматли ота-оналар!

Мана, яна бир ўқув йили ортда қолди. Бугун республикамиздаги барча мактабларда “Сўнгги қўнғироқ” янграб, 279 минг нафар ўқувчиларимиз 11 йиллик таълим тизимига қайта ўтганимиздан кейинги илк битирувчиларга айланадилар. Уларнинг ҳаётида янги саҳифа очилиб, катта ҳаётга учирма бўлишади.

Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигида Халқ таълими тизимида катта ислоҳотлар даври бошланди. Шу билан бирга, ҳали олдимизда бажарилиши лозим бўлган улкан вазифалар кўп ва келгусида уларни ҳам босқичма-босқич ҳал этиб борамиз. Бу борада бизга яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси дастуриламал бўлиши, шубҳасиз.

Қадрли ўқитувчи ва мураббийлар, ота-оналар!

Ўтган ўқув йили давомида қийин ва масъулиятли ишни амалга оширдингиз — фарзандларимизга билим бердингиз ҳамда уларни тарбияладингиз. Айни дамда ўқувчиларимизнинг олдида якуний имтиҳонлар ва олий ўқув юртига кириш имтиҳонлари турибди, ҳеч шубҳасиз, уларнинг ютуқларида сизларнинг ҳам катта ҳиссангиз бор.

Азиз битирувчилар!

Бугун сизларнинг ҳаётингизда энг қувончли кун. 11 йил мобайнида бир партада ёнма-ён ўтирган, бир оила аъзоларидек бўлиб қолган синфдошларнинг ҳар бири эртадан бошлаб ўзининг шахсий ҳаётини қуришга киришади. Кимдир таҳсилни олий ўқув юртида давом эттирса, яна кимдир ҳалол меҳнати билан оиласига қанот бўлади.

Қаерда бўлманг, мактаб партасида олган билимларингиз сизга қўл келишига, келгусида уларни янада мустаҳкамлаб боришингизга умид қиламан. Ватанимиз ривожи учун ўз ҳиссангизни қўшишингизга аминман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, иш ва ўқишларингизда каттадан-катта муваффақиятлар ёр бўлишини тилайман!

Мактаб даргоҳидаги сўнгги, мустақил ҳаёт йўлингиздаги илк қўнғироғингиз муборак бўлсин! Билим олишда ҳамиша давом этинг!”, дейилади вазир табригида.

Умар Мурод
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 28
Рейтинг: 3.3
t
×
×