Шайхонтоҳур ортидан Каттақўрғон! ДСҚ навбатдаги танқидга ҳам раддия билан чиқди
Жамият
−
16 Апрель 2019
5568Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 4 апрель куни ўтказилган йиғилишдан кейин, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекицяси ходимлари лавозимидан озод этилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Шундай сўнг, Давлат солиқ қўмитаси ушбу хабарларни рад этиб чиқди. Аммо ижтимоий тармоқларда бу билан боғлиқ ахборотлар тин олаётгани йўқ. Шикоятлар, давлат солиқ қўмитасининг ёлғон хабар тарқатаётгани билан боғлиқ мурожаатлар QALAMPIR.UZ’гача етиб келди.
Унда қайд этилишича, 4 апрель куниёқ Шайхонтоҳур туманида солиқ идораси ходимлари лавозимидан озод этилган. Касаллик варақаси билан ишга чиқмаётган, қолаверса, меҳнат таътилида бўлган ходимлар ҳам шу куниёқ ишга чақиртирилиб, аризаси олингани ҳақида маълумотлар мавжуд. Шу куннинг ўзида ҳар бир тумандан 4 нафардан ходимлар номзоди олиниб, бўш қолган ўринларга ишга қабул қилинган.
Куни кеча ижтимоий тармоқларда Давлат солиқ қўмитаси фаолиятига қаратилган навбатдаги танқидий мақола эълон қилинди. Унда қайд этилишича, солиқ идоралари ходимлари дам олиш кунлари ҳам мажбуран ишга жалб қилинган. Давлат солиқ қўмитаси ушбу хабарларга нисбатан ҳам раддия билан чиқди. Унда шундай дейилади:
“Жорий йилнинг 8 апрель куни интернет тармоғида чоп этилган “Солиқчилар дам олиш кунисиз ишлаш ва ярим тунга қадар давом этадиган селекторлардан чарчадик” сарлавҳали танқидий мақолада келтирилган ҳолатлар ўрганиб чиқилди.
Давлат солиқ хизмати органларида соғлом турмуш тарзини жорий этиш мақсадида, Давлат солиқ қўмитасининг 2019 йил 18 февралдаги 39-сонли буйруғи қабул қилинган бўлиб, мазкур буйруқ талабларидан келиб чиққан ҳолда ҳафтанинг якшанба куни дам олиш куни деб эълон қилинган (ДСБда 2019 йил 20 феврал куни 72-сонли буйруқ қабул қилинган).
Жорий йилнинг II чораги давомида давлат солиқ хизмати органларининг (шу жумладан Каттақўрғон шаҳар ДСИнинг) айрим ходимлари фақатгина бир маротаба, яъни Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 29 мартдаги 217-ф-сонли фармойишига мувофиқ 2019 йил 30-31 март кунлари меҳнат қонунчилигига мувофиқ ишга жалб қилиниб, уларга Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 157-моддасига асосан икки ҳисса миқдорда ҳақ тўланиши ёки ходимларнинг хоҳишига кўра бошқа дам олиш куни (отгул) берилиши белгиланган.
Шунга кўра, Каттақўрғон шаҳар давлат солиқ инспексиясининг айрим ходимлари жорий йилнинг 30-31 март кунлари меҳнат қонунчилигига мувофиқ ишга жалб қилиниб, уларга икки ҳисса миқдорда ҳақ тўланган.
Давлат солиқ хизмати органларининг Ички меҳнат тартиби қоидаларига мувофиқ, тизим ходимлари учун 8 соатлик иш вақти, яъни эрталаб соат 9:00 дан кеч соат 18:00гача (тушлик вақти соат 13:00дан 14:00гача) белгиланган бўлиб, мазкур норма шунингдек, ходимларнинг белгиланган муддатларда меҳнат таътилларига чиқишлари ва таътилдан чақириб олинишида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 144-моддаси, 1-қисми ҳамда 147-моддаси талабларига риоя этилиши юзасидан доимий назорат ўрнатилган.
Бундан ташқари, Давлат солиқ қўмитасининг 2016 йил 15 апрелдаги 155-сонли буйруғи талабларидан келиб чиққан ҳолда, тизим ходимлари ҳамда солиқ тўловчилар ўртасида муомала маданияти нормалари белгиланган бўлиб, ушбу норма талабларига мувофиқ хизмат йиғилишлари ва бошқа ҳолатларда ходимларнинг ҳақоратланиши ва камситилишига йўл қўйилмайди.
Танқидий мақолада келтирилган ҳолатлар жорий йилнинг 12 апрель куни вилоят Бандлик ва меҳнат муносабатлари бошқармаси ходимлари томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганиб чиқилганда, меҳнат қонунчилигига риоя этмаслик ҳолатлари қайд этилмади”.
LiveБарчаси