Apple, Google, Meta: хорижий компаниялар Ўзбекистонга қанчадан солиқ тўлаяпти?

Жамият

image

Жорий йилнинг илк ярим йиллигида Ўзбекистонда электрон хизматлар кўрсатувчи 97 та хорижий компания томонидан 143,8 миллиард сўм солиқ тўланган. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси хабар берди.

Қайд этилишича, 2026 йилнинг дастлабки 6 ойида электрон хизматлар кўрсатувчи 97 та хорижий компания 143,8 миллиард сўм солиқ тўлаган. Бу аввалги йилгига нисбатан 84 фоиз ўсиш демакдир. 2025 йилнинг хос даврида 72 та хорижий компания 78,2 миллиард сўм солиқ тўлаган эди.

Бу сафар Apple энг кўп солиқ тўлаган компания бўлиб, 33,6 миллиард сўмни давлат бюджети ҳисобига ўтказган. Google эса 33,3 миллиард сўм солиқ тўлаган. Қизиқарли жиҳати, Ўзбекистонда блокланган Tik Tok ҳам шу йилнинг илк олти ойлигида 1,6 миллиард сўм солиқ тўлаган. Бир йил аввалги маълумотларга кўра эса корхона 1,8 миллиард сўм солиқ тўлаганлик кўрсаткичи билан энг кўп бюджетни бойитган хорижий компаниялар орасида олтинчи бўлганди.

Қўмитанинг янгиланган статистикасига кўра, бу йил кучли ўнталик рўйхатига аввалги йилнинг хос давридан фарқли иккита янги сунъий интеллект компанияси ҳамда яна иккита видео ўйинлари соҳасига тегишли компаниялар қўшилган.

Сунъий интеллект компаниялари қаторида iCloude тизими билан танилган АҚШнинг Anthropic (6,3 млрд сўм) ҳамда Cursor AI тизими эгаси Anysphere (1,5 млрд) компаниялари янги рўйхатнинг ўнталигидан жой олган. Машҳур OpenAI эса аввалги йил 2,9 миллиард сўм солиқ тўлаган бўлса, бу сафар қўшимча яна 2,7 миллиард сўм бюджетга фойда келтирган.

Шунингдек, бу сафарги солиқ берарларнинг ичида дунёдаги энг машҳур видеоўйин компанияларидан бири – Counter-Strike, Dota 2, Half-Life ва Portal каби ўйинлар муаллифи Valve Corporation 15,8 миллиард солиқ тушуми билан энг кўп тўлаганлар қаторида тўртинчи бўлган.

Бундан ташқари, яна бир видеоўйин бозори гиганти Tencent’нинг расмий ўйин валюталари ва рақамли товарларни тўлдириш (top-up) платформаси – PUBG Mobile UC, Honor of Kings, Delta Force, Arena Breakout, Valorant Points, Roblox Robux ва бошқа кўплаб ўйинлар учун расмий тарзда тўлов қилиш ҳуқуқининг эгаси Midasbuy тизими ҳам мамлакат ғазнасига сал кам 3 миллиард сўм ўтказган.

Бироқ аввалги йилда топ ўнталикда турган Netflix (896,2 млн сўм), Acca (797,1 млн сўм), Zoom (786,7 млн сўм) ва Adobe (530,8 млн сўм) компаниялари бу йилнинг дастлабки ярим йиллигидаги йирик солиқ тўловчилар қаторига қўшилмаган.

Энг кўп солиқ тўлаган электрон хизматлар кўрсатувчи Топ-10 та хорижий компания:

Apple – 33,6 млрд сўм;
Google – 33,3 млрд сўм;
Meta – 28,9 млрд сўм;
Valve Corp. – 15,8 млрд сўм;
Anthropic – 6,3 млрд сўм;
OpenAI – 5,6 млрд сўм;
Midasbuy – 2,9 млрд сўм;
Booking.com – 2,6 млрд сўм;
Tik Tok –1,6 млрд сўм;
Anysphere – 1,5 млрд сўм.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг I чорагида Ўзбекистонда электрон хизматлар кўрсатувчи 89 та хорижий компания томонидан 65,7 миллиард сўм солиқ тўлангани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг