Шайх Ҳасина ўлимга ҳукм қилинди

Олам

image

Бугун, 17 ноябрь куни Бангладеш халқаро жиноий ишлар бўйича трибунали собиқ бош вазир Шайх Ҳасинани 2024 йилдаги оммавий тартибсизликларни шафқатсиз бостирганликда айблаб, ўлим жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда BTV давлат телеканали хабар берди.

Суд Ҳасинани инсониятга қарши жиноятлар бўйича қўйилган беш банднинг барчаси бўйича айбдор деб топган. Хабарларга кўра, у тергов давомида бир неча бор тартибсизликлар чоғида ўт очиш тўғрисида буйруқ бермаганини, бу кўрсатмалар унинг истеъфосидан сўнг муваққат ҳукуматни бошқарган Муҳаммад Юнусдан чиққанини айтган.

Шу билан бирга, собиқ ички ишлар вазири Асадуззамон Хон Камол ҳам ўлим жазосига ҳукм этилган.

Маълумот учун, Шайх Ҳасина 78 ёшда. У Бангладешда 1996–2001 йилларда ҳамда 2009–2024 йиллар давомида бош вазир лавозимида ишлаган. Норозиликлар дастлаб талабаларнинг чиқишлари сифатида бошланган, кейинчалик эса умумхалқ қўзғолонига айланиб, ҳозир “Июль инқилоби” деб аталмоқда.

БМТ ҳисоботига кўра, 46 кун давом этган норозиликлар чоғида қарийб 1,4 минг киши ҳалок бўлган. Уларнинг деярли барчаси хавфсизлик кучлари томонидан отиб ўлдирилган, қурбонларнинг 12–13 фоизини эса болалар ташкил этган. Ҳисоботда намойишчиларга нисбатан содир этилган жиноятлар “юзлаб судсиз қатл этишлар, кенг кўламли ноқонуний ҳибслар ва ушлаб туришлар, қийноқлар, болаларга нисбатан зўравонликлар, шунингдек, гендер асосидаги зўравонликлар” сифатида тасвирланган.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси зўравонликлар “собиқ сиёсий раҳбарият ва хавфсизлик хизматларининг юқори мартабали амалдорлари хабардорлиги, мувофиқлаштириши ва кўрсатмалари билан, норозиликларни бостириш ва собиқ ҳукуматнинг ҳокимиятини сақлаб қолиш мақсадида амалга оширилган”, деган хулосага келган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг ёзида Бангладешда намойишлар бошланиб, кўплаб норози одамлар бош вазир қароргоҳига бостириб кирган эди. Дакка шаҳрида талабалар ва полиция ўртасидаги қаттиқ тўқнашувлар чоғида BTV давлат телекомпанияси биноси ёниб кетган, тартибсизликлар бир неча кун давом этиб, минглаб одамлар ҳалок бўлган ва жароҳатланган.

Кейинчалик Шайх Ҳасина ҳукуматга қарши кенг кўламли намойишлар фонида истеъфога чиққани ва синглиси билан мамлакатни тарк этгани маълум бўлганди. Орадан кўп ўтмай, собиқ бош вазир ва яна олти нафар мансабдор шахсга нисбатан намойишчиларни ўлдириш бўйича жиноий иш очилган. Хабарларга кўра, полиция намойишчиларга ўқ узишни мамлакат бош прокурори ва ички ишлар вазирининг буйруғи асосида амалга оширган.


Мақола муаллифи

Теглар

Муҳаммад Юнус Шайх Ҳасина Асадуззамон Хон Камол

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг