Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи якунланди
Жамият
−
01 август 1235 2 дақиқа
Бугун, 1 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикасига давлат ташрифи ҳамда Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарлари норасмий Маслаҳат учрашувининг тадбирларга бой дастури якунланди. “Иссиқкўл” аэропортида мамлакат етакчиси ва рафиқасини Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров варафиқаси кузатиб қўйди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, давлат раҳбари Чўлпонота шаҳрида қирғизистонлик мавқедоши билан тор доирада ҳамда расмий делегациялар иштирокида музокаралар ўтказган. Учрашувларда ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш, савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, транспорт соҳасида ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш, сув-энергетика ҳамда маданий-гуманитар йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

Икки томонлама ҳамкорликни энг юқори даражага олиб чиқадиган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши саммитнинг муҳим натижаси бўлган. Давлатлараро кенгаш тузиш юзасиданкелишувга эришилган.

Шунингдек, давлат чегараси, ижтимоий ҳимоя ва пенсия таъминоти, олий таълим, фуқароларнинг келиб-кетиши, маданият, туризм ҳамда агросаноат мажмуаси соҳаларига оид салмоқли ҳужжатлар тўплами алмашилган.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 3 миллиард долларга етказиш, саноат кооперацияси бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли бўйлаб инфратузилмани ривожлантириш ҳамда Қамбарота-1 ГЭСни барпо этиш лойиҳасини жадаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Қирғиз Республикасининг олий давлат мукофоти – I даражали “Манас” орденини топшириш маросими бўлиб ўтган.
Президент Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий учрашувида ҳам иштирок этган. Ҳамкорликнинг институционал асосларини мустаҳкамлаш, савдо ва транспорт ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш, рақамли хизматларни кенгайтириш, таълим, илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш, иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларга биргаликда қарши курашиш ҳамда гуманитар алмашинувларни кенгайтириш масалаларини қамраб олувчи минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари юзасидан ўз нуқтаи назарини баён қилган.

Ташриф доирасида давлат раҳбарлари Қирғизистондаги илк халқаро тоифадаги гольф клуби, янги беш юлдузли “Боку”меҳмонхонаси ҳамда Иссиқкўлда сув-мотор спорти бўйича чемпионатнинг очилиш маросимларида иштирок этган.
Тадбирлар якунига етгач, давлат раҳбари рафиқаси билан Тошкентга жўнаб кетган.
Live
Барчаси