Шавкат Мирзиёевга яна бир бор Каъба эшиклари очилди (фоторепортаж)

Жамият

image

Аввалроқ “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги биринчи саммитда иштирок этиш учун Саудия Арабистонига борган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 18 июль куни Умра зиёратини амалга оширгани ҳақида ўз манбаларимизга таяниб хабар берган эдик. Президент Администрацияси ушбу маълумотни тасдиқлади. 

“Давлат раҳбари лавозимига сайланганидан кейин илк хорижий ташриф билан Саудия Арабистонида бўлиб турган  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев муқаддас Макка шаҳрига борди”, деб хабар берди Мирзиёевнинг матбуот хизмати. 

Қайд этилишича, 19 июль - Ислом оламида бошланган ҳижрий 1445 йил муҳаррам ойининг биринчи кунида давлат раҳбари эҳромга кириб, Умра амалларини бажарган. Яна бир бор Каъбатуллоҳнинг ичида намоз ўқиш шарафига муяссар бўлган. 

“Шавкат Мирзиёев динимиз арконларига мувофиқ Байтуллоҳ атрофида етти бор тавоф, Сафо ва Марва тепаликлари орасида еттита саъй қилди. Ватанимиз равнақи, эл-юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги, барча юртдошларимиз, ёш авлодимиз бахту иқболи ва ёрқин келажагини тилаб дуолар қилинди.

Таъкидлаш жоизки, айнан шу куни Каъбанинг кисвасини алмаштириш маросими бўлиб ўтди”, дейилади Президент матбуот хизмати берган хабарда. 

Президент Шавкат Мирзиёевга Мусулмонлар идораси раиси Нуриддин Холиқназаров, Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов ва куёвлари – Ойбек Турсунов ҳамда Отабек Умаров ҳамроҳлик қилган. 

Эслатиб ўтамиз, Мирзиёев 2022 йилнинг август ойида Саудия Арабистонига ташрифи доирасида Макка шаҳрида бўлиб, Умра амалларини адо этган эди. 

“Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги биринчи саммитда иштирок этиш учун Саудия Арабистонига борган Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ҳам Умра зиёратини амалга ошириб, Каъбага киришга муваффақ бўлди. Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев эса Мадинага бориб, Масжид ан-Набавийни зиёрат қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Саудия Арабистони

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг