Шавкат Мирзиёев Жоржа Мелонини тарихга киргани билан табриклади

Жамият

image

Бугун, 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Италия Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Жоржа Мелонига мактуб йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, давлат раҳбари Жоржа Мелонини Италия Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси лавозимида шу вақтга қадар энг узоқ муддат фаолият юритган Ҳукумат раҳбари сифатида тарих саҳифаларидан муносиб жой олгани билан самимий муборакбод этган.

Президент ушбу натижа Жоржа Мелонининг сиёсий иродаси ва қатъияти, давлатчилик масъулиятини чуқур ҳис этишига Италия халқи томонидан билдирилган юксак ишончнинг яққол тасдиғи эканини таъкидлаган.

Ҳозирги ўта мураккаб ва тез ўзгараётган шароитда Италиянинг миллий манфаатларини қатъий ҳимоя қилиш, мамлакатнинг Европа Иттифоқи ва халқаро майдондаги обрў-эътибори ҳамда нуфузини янада мустаҳкамлаш борасида Жоржа Мелони олиб бораётган саъй-ҳаракатлар алоҳида эътироф этилган.

Президент Италия Ҳукумати раҳбарининг Ўзбекистонга нисбатан дўстона муносабати ва икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни изчил кенгайтиришга қаратаётган доимий эътибори учун миннатдорлик билдирган.

Ўзбекистон Италия билан ўрнатилган стратегик шериклик муносабатларини юксак қадрлаши таъкидланган. Бугунги кунда сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик, маданий-гуманитар алоқалар тобора сермазмун тус олиб, икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётгани мамнуният билан қайд этилган.

Мактуб якунида давлат раҳбари Жоржа Мелонига мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат ва масъулиятли давлатчилик фаолиятида улкан муваффақиятлар, дўст Италия халқига эса тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва бардавом равнақ тилаган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг