Шавкат Мирзиёев ЕОИИ саммитида иштирок этади
Жамият
−
10 Декабрь 2020
5218Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Беларусь Республикаси Президенти, Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши раиси Александр Лукашенконинг таклифига биноан эртага, 11 декабрь куни Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)нинг видеоанжуман шаклида ўтадиган саммитида иштирок этади.
Тадбирда ЕОИИга аъзо давлатлар – Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, шунингдек, кузатувчи мақомидаги Молдова ва таклиф этилган мамлакат сифатида Куба етакчилари иштирок этади.
Ўзбекистон Республикасига ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини бериш саммит кун тартибидаги асосий масалалардан биридир.
Давлат раҳбари ўз нутқида Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигининг устувор йўналишларини белгилаб бериши кутилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, шу йил май ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси мамлакатнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи фаолиятида кузатувчи давлат мақомида иштирок этиши тўғрисидаги таклифни маъқуллаган эди.
Аввалроқ, жорий йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон расман Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомини олиши ҳақида хабар берган эдик.