Шавкат Мирзиёев ЕХҲТ ДИИҲБ Сайловларни кузатиш миссияси раҳбарини қабул қилди
Жамият
−
13 Декабрь 2019
3060Бугун, 13 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ЕХҲТ ДИИҲБ) Сайловларни кузатиш бўйича миссияси раҳбари Каетана де Зулуэта Оутрамни қабул қилди.
Давлат раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистон билан ЕХҲТ ва унинг тузилмалари ўртасидаги конструктив ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Бугунги кунда ташкилот Бош котиби Томас Гремингернинг Ўзбекистонга ташрифи якунида қабул қилинган ЕХҲТ билан шерикликни кенгайтириш бўйича “йўл харитаси” амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон ташкилотнинг Парламент Ассамблеясидаги иштирокини тиклади. ЕХҲТ Ўзбекистондаги парламент сайловларига 1999 йилдан буён илк бор тўлақонли миссияни жўнатди.
Бугунги учрашувда ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари хусусида батафсил фикр алмашилди, миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш, сайлов ва бошқа соҳаларда қўшма тадбирлар ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
ЕХҲТ ДИИҲБ Сайловларни кузатиш бўйича миссияси раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентига самимий қабул ҳамда мамлакат ЕХҲТ билан ҳар томонлама ҳамкорлик қилишга тайёрлиги учун миннатдорлик билдирди.
Каетана де Зулуэта Ўзбекистондаги сайловлар мутлақо янги сиёсий муҳитда, салмоқли даражада такомиллаштирилган ҳуқуқий нормалар асосида ўтаётгани, шу сабабли ДИИҲБ сайлов жараёнларини катта қизиқиш билан кузатаётганини таъкидлади.
LiveБарчаси