Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров ОАВ учун баёнот берди

Жамият

image

Бугун, 30 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот берди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон етакчиси Қирғизистонга бу галги давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга бўлиб, Ўзбекистон – Қирғизистон кўп қиррали ҳамкорлигида янги саҳифани очганини таъкидлаган. 

Ушбу саммитга биргаликда катта тайёргарлик ишлари амалга оширилгани қайд этилган. Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, бизнес форум, ректорлар ва таҳлилий марказлар вакилларининг учрашувлари муваффақиятли ўтказилган. Айни пайтда Қирғизистонда Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида турли тадбирлар ўтмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, Президент қардош Қирғизистонни 2027-2028 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси этиб сайлангани муносабати билан самимий табриклаган. Бу мамлакат ва бутун Марказий Осиёнинг нуфузи юксалаётганининг эътирофи эканлиги билдирилган

Бугунги музокаралар ҳар доимгидек очиқ, конструктив ва дўстона руҳда ўтгани катта мамнуният билан қайд этилган.

Давлат раҳбарлари икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалаларнинг барча жабҳаларини атрофлича муҳокама қилган. Бош вазир ўринбосарларининг савдо-иқтисодий соҳадаги аниқ режаларни ўз ичига олган ахборотларини тинглаган.

Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши саммитнинг энг муҳим натижаси бўлгани қайд этилган.

Билдирилишича, ушбу ҳужжат икки томонлама шерикликни давлатлараро алоқаларнинг энг юқори даражасига олиб чиқади.

“Энди бизнинг асосий вазифамиз – ҳамкорлигимизни мамлакатларимиз ва халқларимиз тараққиёти ҳамда фаровонлигига хизмат қиладиган янги мазмун, лойиҳа ва ташаббуслар билан бойитиш”, дейди Ўзбекистон раҳбари.

Икки давлат Президентлари раислигида Давлатлараро кенгашни тузиш бўйича келишувга эришилган. Бу иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш ва ҳамкорликнинг узоқ муддатли устувор йўналишларини белгилашнинг асосий механизми бўлади.

Шу билан бирга, томонлар бундан буён ҳам сиёсий мулоқотни ривожлантириш, минтақавий ва халқаро майдонларда бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва позицияларни яқиндан мувофиқлаштиришга тайёр эканлигини тасдиқлаган.

Янги иқтисодий кун тартибини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 10 баробарга ошиб, ўтган йил якуни билан 1,2 миллиард доллардан зиёдни ташкил қилган. Жадал ўсиш суръатлари сақланиб қолаётганини инобатга олиб, ушбу кўрсаткични келгуси йилнинг ўзида 2 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган.

Етакчилар саноат кооперациясининг янги ўсиш нуқталарини, энг аввало, икки мамлакат иқтисодиётлари бир-бирини тўлдирувчи соҳаларда яратишга алоҳида тўхталган.

Бу борада кеча бўлиб ўтган бизнес форуми доирасида энергетика, электротехника, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик соҳаларида янги лойиҳалар келишилган. Шунингдек, хомашё ресурсларини биргаликда қазиб олиш бўйича аниқ режалар белгиланган.

Бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун қўшма Тараққиёт фонди салоҳиятидан самарали фойдаланилади.

Икки мамлакатнинг транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлиги ва транзит салоҳиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши бўйича стратегик лойиҳани амалга ошириш ишлари жадал давом этаётгани қайд этилган.

Мазкур темир йўли бўйлаб савдо-логистика инфратузилмасини биргаликда ривожлантириш, савдо ва транспорт жараёнларига рақамли ечимларни фаол жорий этиш, автоташувчилар учун қулай шароитлар яратишга келишиб олинган.

Сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилган.

Трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш соҳасида конструктив ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлик тасдиқланган. Қамбарота ГЭС-1 ни қуриш тўғрисидаги битимни имзолаш жараёни тезлаштирилади.

Икки мамлакат ҳудудларининг салоҳиятидан фаол фойдаланиш зарурлиги таъкидланган. Йил якунига қадар Ўзбекистонда янги форматдаги биринчи Ҳудудлар форуми ўтказилади.

Маданият, таълим, илм-фан, ёшлар сиёсати ва туризм соҳаларида фаол алмашинувларни давом эттиришга тайёрлик тасдиқланган.

Етакчилар Марказий Осиёда барқарор ривожланиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини ҳам атрофлича муҳокама қилган.

Якунда Президент Шавкат Мирзиёев ушбу саммитда эришилган келишувлар қардош халқлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев рафиқаси Зироат Мирзиёева билан бирга Иссиқкўл вилоятидаги Чўлпонота шаҳрига етиб боргани ҳақида хабар берилган эди. У ерда мамлакат етакчисини Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ҳамда унинг рафиқаси кутиб олди. Шунингдек, Чингиз Айтматов номидаги “Руҳ Ордо” маданият марказида Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёевнинг Садир Жапаров билан тор доирадаги ва расмий делегациялар аъзолари иштирокидаги музокаралари ҳам ўтказилди. Олий даражадаги музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолади. Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёевни I даражали “Манас” ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Юксак мукофотни Ўзбекистон раҳбарига Президент Садир Жапаров топширди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг