Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко ОАВ учун баёнот берди
Жамият
−
18:24 548 2 дақиқа
Бугун, 9 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко музокаралар якунлари тўғрисида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот берди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон раҳбари Александр Лукашенкога самимий қабул ва илиқ меҳмондўстлик учун чин дилдан миннатдорлик билдириб, Беларусь халқини яқинда нишонланган Мустақиллик куни билан табриклаган.
Ушбу расмий ташриф Ўзбекистон – Беларусь муносабатлари ривожида тарихий воқеа экани мамнуният билан қайд этилган.
Жумладан, Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларациянинг имзолангани саммитнинг асосий натижаларидан бири бўлган.
Ўзбекистон етакчисининг таъкидлашича, мазкур ҳужжат давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашда янги саҳифа очиб, томонларнинг кўп қиррали шерикликни узоқ муддатли ривожлантириш борасидаги қатъий интилишини тасдиқлайди.
Музокараларга катта тайёргарлик кўрилгани уларнинг муваффақиятли ўтишида муҳим омил бўлгани қайд этилган.
Ташриф арафасида Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, учинчи Ҳудудлараро форуми, Ўзбекистон маданияти кунлари ҳамда таҳлилий доиралар учрашуви бўлиб ўтган.
Давлат раҳбарлари сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш ҳамда парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаган.
Саммит олдидан товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ҳамда устувор соҳалардаги янги лойиҳавий ташаббусларни қамраб олган комплекс режа қабул қилинган.
Бунда қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, фармацевтика, электротехника, микроэлектроника, тўқимачилик, мебелсозлик ва бошқа тармоқларда кооперацияни ривожлантириш назарда тутилган.
Ўзбекистонда биринчи атом электр станцияси ва турдош инфратузилмани қуришда Беларусь тажрибасини қўллаш юзасидан келишувга эришилган.
Учинчи Ўзбекистон – Беларусь Ҳудудлараро форумининг якунлари юқори баҳоланган. Форум ишида Ўзбекистоннинг 230 нафарга яқин тадбиркорлари иштирок этган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, МДҲ, ШҲТ ва Қўшилмаслик ҳаракати каби минтақавий ҳамда халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга интилиш қатъий экани таъкидланган.
Маданият ва санъат, таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда туризм соҳаларидаги фаол алмашинувлар давом эттирилади.
Давлат раҳбари Минск шаҳрида Ўзбекистон – Беларусь дўстлиги хиёбонини барпо этиш ташаббуси учун миннатдорлик билдирган.
Жорий йилда навбатдаги тиббиёт, таълим ва туризм форумларини ташкил этишга аҳдлашиб олинган.
Якунда бугунги тарихий ташриф натижалари стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга ҳамда икки мамлакатнинг барқарор ривожланиши ва фаровонлигига ҳар томонлама хизмат қилиши таъкидланган.
Live
Барчаси