Шавкат Мирзиёев “Ўзбекнефтгаз”га газ қазиб олиш ҳажмини оширишни буюрди
Жамият
−
12 Январь 12097 2 дақиқа
“Ўзбекнефтгаз” кунлик газ қазиб чиқариш ҳажмини 66 миллион куб метрдан 70 миллион куб метрга кўпайтириш, бу йил камида 25,4 миллиард куб метр газ қазиб чиқариш чораларини кўради. Бу ҳақда бугун, 12 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти фаолиятининг келгусидаги вазифалари ва режалари юзасидан тақдимот билан танишиши чоғида мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Билдирилишича, тақдимотда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти олдида турган энг асосий вазифа табиий газ захираларини ошириш ва қазиб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш экани қайд этилган. Компания кунлик газ қазиб чиқариш ҳажмини 66 миллион куб метрдан 70 миллион куб метрга кўпайтириш, бу йил камида 25,4 миллиард куб метр газ қазиб чиқариш чораларини кўриши зарурлиги таъкидланган.
Мавжуд имкониятларни ишга солиш бўйича таклифлар кўриб чиқилган.
Газ захираларини ўстириш учун янги истиқболли инвестиция блокларини шакллантириш, инвесторларга берилган айрим майдонларда эса ишларни жадаллаштириш ва самарадорлигини ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.
Нафта ишлаб чиқариш ҳозирда қувватнинг 70 фоизида амалга оширилаётгани, маҳсулот эса 50 фоиз арзон нархларда экспорт қилинаётгани кўрсатиб ўтилган. Нафтадан полимер маҳсулотлари ишлаб чиқарилса, қўшилган қийматни 6 карра ошириш имконияти борлигини ҳисобга олиб, мавжуд қувватларни тўлиқ ишлатиш чораларини кўриш топширилган.
“Ўзбекнефтгаз”нинг молиявий ҳолатини яхшилаш чора-тадбирлари ҳам кўриб чиқилган.
Йиғилишда нефть-газ соҳасида ўғрилик ва коррупция ҳолатларига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
Соҳадаги коррупцион хавфларни олдини олиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” тузилмасида раиснинг алоҳида ўринбосари лавозими киритилиб, комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат хизмати ташкил этилган. Тизимдаги ҳар қандай ноқонуний ҳолатни тезкор аниқлаш ва олдини олиш бўйича самарали тизим яратиш вазифаси қўйилган.
Президент нефть-газ соҳасида трансформацияни чуқурлаштириш, газ захиралари ва қазиб олиш ҳажмларини ошириш, молиявий интизомни кучайтириш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берган.