Шавкат Мирзиёев Туркманистонга жўнаб кетди
Жамият
−
04 Август 3589 1 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан бугун, 4 август куни БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясида иштирок этиш учун амалий ташриф билан ушбу мамлакатга жўнаб кетди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Авазада бўлиб ўтадиган конференцияда транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш, иқтисодий трансформация, иқлим ўзгаришига ва атроф-муҳит учун хатарларга бардошлиликни ошириш, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш масалалари кўриб чиқилади.
Аваза сиёсий декларацияси ва ҳаракатлар дастурининг қабул қилиниши кўзда тутилган. “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтадиган тадбирда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этади.
Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари Марказий Осиё давлатлари етакчиларининг еттинчи Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган тадбирда иштирок этади ва қатор икки томонлама музокаралар ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Туркманистонга бориши хабар қилинганди.
Live
Барчаси