Шавкат Мирзиёев синовли йил қаҳрамонларини мукофотлади

Жамият 11314
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қатор фармонларига мувофиқ, мустақилликнинг 29 йиллиги арафасида бир гуруҳ фуқаролар фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланган эди. Бугун, 28 декабрь куни Кўксаройда мукофотларни топшириш маросими бўлди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шавкат Мизиёев мукофотланганларни табриклаб, уларга ўзининг юксак эҳтиромини билдирган.

“Биз кейинги йилларда яхши анъанани йўлга қўйиб, юртдошларимизга мукофотларни байрам кунида топшириб келаётган эдик. Афсуски, бу йилги пандемия шароитида одамларимизнинг соғлиғини асраш учун ушбу хайрли тадбирни бироз кейинга суришга тўғри келди. Эзгуликнинг кечи йўқ, дейдилар. Насиб этган экан, мана бугун сизлар билан Янги йил байрами арафасида юзма-юз кўришиб, дийдорлашиб турибмиз”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Ҳаётда хурсандчилик билан турли синов ва қийинчиликлар ёнма-ён юради. Бу йил коронавирус пандемияси бутун инсоният бошига катта ташвишлар солди. Ўзбекистон халқи бу касалликка қарши курашиш билан бирга бошқа синовларга ҳам дуч келди. Бухоро ва Сирдарё вилоятларида кутилмаган офатлар рўй берди.

“Эл-юртимиз бу муаммолар қаршисида саросимага тушиб қолгани йўқ. Аксинча, қийинчиликлар бизни янада бирлаштирди, бир-биримизга меҳримиз ортди. Мураккаб вазиятга қарамасдан, кўпни кўрган, азму шижоатли халқимизнинг фидокорона меҳнати билан бу синовларни мардона енгиб ўтяпмиз. Барака ҳамжиҳатликда, деган гап ҳаётимизда яна бир бор ўз тасдиғини топди. Пандемия ва глобал инқироз оқибатларини камайтириш бўйича кўраётган чора-тадбирларимиз ўз самарасини беряпти”, дейди Президент.

Маросимда аҳоли соғлиғини асраш, иқтисодиётни ривожлантириш ва бунёдкорлик ишлари жадал давом этаётгани таъкидланган. Давлат дастурлари асосида шаҳар ва қишлоқларимиз, юртимиз қиёфаси тобора обод бўлиб бормоқда. Миришкор деҳқон ва фермерлар пахта, ғалла ва бошқа экинлардан мўл ҳосил етиштирди.

“Биз бугунги натижаларга эришиш учун пандемия шароитида – ғоят мураккаб бир вазиятда иш олиб бордик. Бунинг учун 2-3 карра кўпроқ меҳнат қилишга, изланиш, янги имконият ва ресурсларни қидириб топишга тўғри келди. Аввало, фидойи шифокорларимиз ўз жонини гаровга қўйиб, халқимиз соғлиғини асраш учун беқиёс жасорат ва матонат кўрсатдилар. Бу борада Қуролли Кучлар, Миллий гвардия, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мард ва жасур ходимларининг хизматларини алоҳида қадрлаймиз. Айни вақтда, бунёдкор қурувчилар, саховатли тадбиркорлар, маҳалла фаоллари, муҳтарам нуронийларимиз, навқирон ёшларимиз, илм-фан, маданият ва спорт соҳаси вакиллари эл-юртимизга ҳақиқий таянч ва суянч бўлиб майдонга чиқдилар. Ҳар қандай синовни бирдамлик билан енгиб ўтадиган халқимиз мана шундай оғир кунларда қудратли кучга айланди. Фурсатдан фойдаланиб, сабр-матонатли, заҳматкаш, олижаноб ва фидойи халқимизга, унинг буюк қаҳрамонлиги учун яна бир бор бош эгиб, таъзим қиламан.

Дунёда инсон ўзини қачон бахтли деб билади? Буюклик нимада? Элга ҳалол, пок меҳнат қилиб, натижаси мана шундай мукофот бўлганда. Бу ерда ўтирганлар бугунги куннинг қаҳрамонлари, мардона халқимизнинг буюк вакиллари”, дея таъкидлаган Президент.

Тадбирда айтиб ўтилишича, фуқароларнинг фидокорона хизматларини муносиб эътироф этиш мақсадида бу йил “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган геолог” фахрий унвони, “Олий Даражали Дўстлик”, биринчи ва иккинчи даражали “Саломатлик” ҳамда “Фахрий мураббий” орденлари, “Соғлом турмуш” медали каби янги давлат мукофотлари таъсис этилган.

Бундан ташқари, “Меҳр-саховат” кўкрак нишони жорий қилиниб, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшган қарийб 25 минг фуқаро ушбу мукофот билан тақдирланган.

Шавкат Мирзиёев мукофотланган барча фуқароларга йиғилганлар номидан табрик йўллаган. Шундан сўнг мукофотлар тантанали равишда топширилган.

Маълумки, Ўқитувчи ва мураббийлар байрами арафасида жадидчилик ҳаракати намояндалари – Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидхонов “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган эди. Маросим аввалида ана шу мукофотлар маърифатпарварларнинг невараларига топширилган.

Шунингдек, маросимда тиббиёт, иқтисодиёт, фан, таълим, адабиёт ва бошқа соҳалар намояндалари, давлат ва жамоат ишлари фаолларига мукофотлар топширилган. Самарали фаолияти, ватанпарварлиги ва ташаббускорлиги билан ёшларга ибрат бўлаётгани учун Президент уларга миннатдорлик билдириб, эзгу тилакларини изҳор этган.

“Ҳаммамиз бугун яхши орзулар ва улуғ мақсадлар билан, янги йил остонасида турибмиз. Биз барчамиз аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, халқимизга садоқат билан меҳнат қилиб, янги Ўзбекистон пойдеворини яратаётганимиз билан фахрланамиз. Дунёмиз тинч бўлсин, бағрикенг ва олижаноб халқимизни, жонажон Ватанимизни Оллоҳ таоло ҳамиша ўз паноҳида асрасин”, дея сўзини якунлаган Президент.

Мукофотланганлар юксак эътибор учун Президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирган. Маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, зиёлилар, ёшлар иштирок этган. 

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 259
Рейтинг: 3.2
t
×