Шавкат Мирзиёев Сергелидаги тиббиёт марказига борди
Жамият
−
13:21 1628 2 дақиқа
Бугун, 4 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев Сергели туманида жойлашган хусусий кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур замонавий тиббиёт маркази бугунги кунда аҳолига талаб юқори бўлган кўплаб йўналишлар бўйича тиббий хизмат кўрсатиш имкониятига эга.
Марказни барпо этиш учун 30 миллион доллар инвестиция йўналтирилган. Бу ерда йилига 150 минг нафардан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Умумий майдони 0,5 гектар бўлган муассасада йиллик хизматлар ҳажмини 15 миллиард сўмга етказиш режалаштирилган.
Маълум қилинишича, давлат раҳбарига марказ фаолияти тўғрисида тақдимот қилинган. Президент жарроҳлик, реанимация ва даволаш бўлимлари, ситуацион марказда яратилган шароитларни кўздан кечирган.
Лойиҳа доирасида 250 та янги иш ўрни яратилган. Жамоада хорижда малака оширган 10 нафардан зиёд юқори малакали мутахассис ва чет эллик шифокорлар ҳам бор. Марказ Буюк Британия, Италия ва Германиядан келтирилган замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Хусусан, муассасага PHILIPS компаниясининг илғор тиббий технологиялари ўрнатилган.
Давлат раҳбари марказни айрим йўналишлар бўйича таянч тиббиёт муассасасига айлантириш муҳимлигини таъкидлаган. Бу ерда тўпланадиган илғор тажриба асосида шифокорлар малакасини ошириш ва замонавий тиббий хизматлар қамровини кенгайтириш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берилган.
Президент марказ ходимлари билан ҳам мулоқот қилган. Соҳада меҳнат қилаётган мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, хусусий тиббиёт ташкилотлари сонини кўпайтириш ҳамда аҳолига сифатли, замонавий ва самарали тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
“Ҳар бир беморга сифатли ва муносиб хизмат кўрсатиш билан бирга, тиббий ва туризм хизматларини уйғунлаштириш зарур. Бу йўналишни кенг тарғиб қилиш, хориж тажрибасини ўрганиб, шифохоналар ҳузурида меҳмонхона инфратузилмасини ривожлантириш керак”, дейди давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Сергели туманининг “Иттифоқ” маҳалласидаги Янги Сергели кўчасида амалга оширилган ишлар ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти билан танишган эди.
Давлат раҳбари маҳалла бўйлаб юриб, миллий меъморий услубда таъмирланган хонадонлар, ободонлаштирилган кўчалар ва аҳоли учун яратилган қулайликлар билан танишган ҳамда маҳалла фаоллари ва фуқаролар билан самимий мулоқот қилганди.
Live
Барчаси