Шавкат Мирзиёев коронавирусга қарши вакцинани олиб келган Россия вазирини қабул қилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 4 декабрь куни Тошкент металлургия заводининг очилишига бағишланган тантанали тадбирлар доирасида Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазири Денис Мантуров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Давлат раҳбари пойтахт ҳудудида амалга оширилган металлургия маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича йирик ва замонавий корхонани ташкил этиш лойиҳаси Ўзбекистон ва Россия компания ва банклари ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг намунаси эканини катта мамнуният билан қайд этди.

Ушбу заводнинг вужудга келиши кейинги йилларда икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликда жиддий сифат ўзгаришлари кузатилаётганидан ҳам далолат бериши таъкидланди.

Денис Мантуров самимий қабул учун Ўзбекистон раҳбарига миннатдорлик билдирди ҳамда Россия Президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда устувор қўшма дастур ва лойиҳаларнинг бориши кўриб чиқилди, амалий ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги режалар муҳокама қилинди.

Машинасозлик, агросаноат, фармацевтика, енгил ва озиқ-овқат саноати, кўплаб бошқа тармоқларда юқори технологик ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишда икки мамлакатнинг етакчи корхоналари ўртасидаги кооперация лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Саноат кооперацияси лойиҳаларини, шу жумладан ташкил этилган қўшма Лойиҳа офиси фаолияти доирасида ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга ҳамроҳлик қилиш, шунингдек, иқтисодиётнинг муҳим тармоқларига инвестицияларни кўпайтириш учун қулай шароитлар яратиш муҳимлиги қайд этилди.

Аввалроқ, Денис Мантуров Ўзбекистонга Россиянинг коронавирусга қарши "Спутник V" вакцинаси намуналарини олиб келгани ҳақида хабар берган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Россия

Баҳолаганлар

109

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг