Шавкат Мирзиёев референдумда овоз берди (фоторепортаж+видео)
Жамият
−
30 Апрель 2023
8113Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 30 апрель куни оила аъзолари билан бирга Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 59-референдум участкасига ташриф буюриб, референдумда овоз берди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Референдумда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳаси овозга қўйилган. Маълумки, бу жараёнга бир ярим йил мобайнида пухта тайёргарлик кўрилди. Конституциявий қонун лойиҳаси оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниб, халқнинг фикри ўрганилди. Жамоатчилик томонидан 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушди. Уларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олди.
Ушбу таклифлар асосида янгиланаётган Конституция моддалари сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалари 275 тадан 434 тага ошди. Яъни Асосий қонуннинг 65 фоиз матни халқ таклифлари асосида янгиланди. Бунда халқаро тажриба ҳам инобатга олинди, турли соҳалардан етук мутахассислар ва экспертлар жалб этилди.
Бу сиёсий жараённи 45 та давлат ва 14 нуфузли халқаро ташкилотдан жами 383 нафар халқаро кузатувчи бевосита кузатиб бормоқда.
“Конституция давлатимиз барқарорлиги ва келажаги, инсон манфаатларининг ҳуқуқий асосидир. Фуқаролар буни чуқур ҳис этиб, референдумда фаол иштирок этмоқда”, дейилади хабарда.