Шавкат Мирзиёев Президент мактаби фахрий меҳмонлари китобига дастхат қолдирди

Жамият 1051
image

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги Президент мактабига ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик.

Президент Шавкат Мирзиёев мактабда яратилган шароитлар билан танишди, ўқувчилар билан суҳбатлашди. Бундан ташқари давлат раҳбари Президент мактаби фахрий меҳмонлари китобига дастхат ёзиб қолдирди.

“ ...Янги Ўзбекистонимизни юксак тараққиёт босқичига кўтаришдек эзгу ниятимизга янгича ва мустақил фикрлайдиган, ўз Ватанини жонидан ортиқ севадиган, унинг ёруғ келажаги учун садоқат билан хизмат қиладиган, фидойи ёшларни тарбиялаш орқали эришамиз.

Ана шундай салоҳиятли ва баркамол кадрларни тайёрлаш мақсадида республикамизнинг ҳар бир ҳудудида мутлақо замонавий шаклдаги таълим муассасалари – Президент мактабларини ташкил этдик.

Мен ишонаман, бу масканлар жонажон Ўзбекистонимизнинг эртанги тақдирини ўз қўлига олишга, глобаллашув даврида кескин беллашув ва рақобатларда ғолиб бўлишга қодир шахсларни – янги Хоразмийлар, Фарғонийлар, Берунийлар, Улуғбекларни тарбиялаб етиштиради.

Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида фаолият бошлаган Прeзидeнт мактаби халқимизнинг улуғвор ва олижаноб орзу-ниятларини рўёбга чиқаришда барчага намуна бўлишига тилакдошман”, деб ёзган Шавкат Мирзиёев.

Маълумот учун, Президент мактаблари жорий йилда Нукус, Хива ва Наманган шаҳарларида ҳам очилади. 2020 йилда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида, 2021 йилда Андижон, Навоий, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида қурилиши режалаштирилган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 16
Рейтинг: 3.0
Будьте в курсе событий!
×
×