Шавкат Мирзиёев “Oppenheimer” компанияси директори билан учрашув ўтказди
Жамият
−
19 Сентябрь 2023
3548Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркда “Oppenheimer” инвестиция компанияси бошқарувчи директори Жон Тонелли билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда активлари қиймати 36 миллиард доллар бўлган ушбу йирик инвестиция банкининг сармоясини жалб қилган ҳолда Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилган.
Жон Тонелли республикада саноат қувватларини ташкил этиш ва модернизация қилиш бўйича йирик лойиҳаларга хусусий инвестицияларни жалб қилиш юзасидан келишувлар эришилганини мамнуният билан қайд этиб ўтган.
Биринчи босқичда тўқимачилик кластерлари, қурилиш материаллари саноати корхоналарини ривожлантириш, Тошкент шаҳри инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш мўлжалланган.
Бундан ташқари, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга инвестиция йўналтириш кўзда тутилган.
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу режаларни маъқуллаб, мутасаддиларга тез фурсатда амалий ишларни бошлашга топшириқ берган.