Шавкат Мирзиёев Муроджон Аҳмадалиевга табрик мактубини йўллади
Жамият
−
01 Февраль 2020
8433Аввалроқ, профессионал бокснинг иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифасида ўзбекистонлик Муроджон Аҳмадалиев (8-0, 6 КО) икки йўналишда жаҳон чемпионлик камарини қўлга киритгани, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев "Ўзбекистон ифтихори" унвони билан тақдирлагани ҳақида хабар берган эдик. Давлат раҳбари Аҳмадалиевга табрик ҳам йўллади.
"Аввало, Сени, барча устоз ва мураббийларингни, бутун халқимизни бокс бўйича эришган тарихий ғалабанг билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
АҚШнинг Майами шаҳрида икки йўналишдаги профессионал бокс бўйича амалдаги жаҳон чемпионига қарши ўтказган ғоят шиддатли ва қизиқарли жангингни ўзбекистонликлар катта ҳаяжон ва қизиқиш билан кузатди.
Миллионлаб тенгдошларингга ибрат намунасини кўрсатиб, юксак мардлик ва матонат билан профессионал бокснинг иккита энг нуфузли (WBА Super ва IBF) йўналишларида шундай буюк ғалабани қўлга киритганинг, жаҳон боксидаги узоқ йиллик рекордни янгилаганинг ҳар қандай таҳсин ва тасанноларга муносибдир.
Эл-юртимизнинг ишончини оқлаб, мустақил Ўзбекистон спорти тарихида мутлақо янги ва ёрқин саҳифа очган ушбу оламшумул зафар соҳиби бўлган Сен каби жасур ва ватанпарвар ўғлонларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз ва чин юракдан олқишлаймиз.
Муроджон ўғлим, Сен рингда ўзбек йигитларининг жисмоний, руҳий ва маънавий жиҳатдан баркамоллигини, ҳеч қачон кураги ерга тегмаган буюк аждодларнинг муносиб вориси эканлигини, Ўзбекистон том маънода бокс мамлакатига айланиб бораётганини яна бир бор исботладинг.
Фурсатдан фойдаланиб, жонажон Ватанимизнинг байроғи ва шон-шуҳратини халқаро майдонларда янада юксалтириш йўлидаги шарафли фаолиятингда улкан омадлар, оилавий бахт-саодат ва янги ютуқлар тилаб қоламан", деб ёзади Президент Мирзиёев.
Майамида бўлиб ўтган бокс оқшомида Муроджон Аҳмадалиев икки йўналиш чемпиони бўлиб турган америкалик Даниэль Романгага (27-3-1, 10 КО) қарши рингга чиқиб, 12 раунд натижаларига кўра, ғолиб бўлди. Икки ҳакам Муроджон Аҳмадалиевнинг 115-113 ҳисобидаги ғалабасини тақдим этган бўлса, битта ҳакам 115-113 ҳисобида Даниэл Роман ғалабасини эътироф этди.
Шу тариқа Муроджон Аҳмадалиев Ўзбекистон тарихида илк марта бир йўла иккита чемпионлик камарини қўлга киритди. Профессионал фаолиятидаги 8 та жангида 8 та ғалабага эришган Аҳмадалиев тарихий рекордни такрорлади. Бунгача фақат Леон Спинкс 8 та жангдаёқ чемпионлик камарига эга чиққан эди.
LiveБарчаси