Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президентини табриклади

Жамият 8107
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 май куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат аввалида давлат раҳбари Қозоғистон Президентини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва янги зафарлар, қардош Қозоғистон халқига эса тинчлик ва равнақ тилади.

Таъкидланишича, Сардоба сув омборидаги фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш, шунингдек коронавирус инфекцияси тарқалишининг икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларга салбий таъсирини камайтириш бўйича йўлга қўйилган самарали ҳамкорлик ва амалга оширилаётган ишлар алоҳида мамнуният билан қайд этилди.

Президентлар янги хаталар ва умумий таҳдидларни енгиб ўтиш учун яқин ҳамкорликни давом эттириш муҳим эканини таъкидладидар. Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларининг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Мулоқотнинг институционал механизмларини ҳамда ўзаро савдо ва инвестициялар кўрсаткичларини оширишга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳалари, бошқа устувор тармоқларда истиқбол йўналиш ва лойиҳаларни илгари суриш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Халқаро сиёсатга оид қатор масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Мулоқот якунида Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси Президентлари қардош мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашда қатъий эканликларини тасдиқладилар.

 
Нуруллоҳ Шарипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 178
Рейтинг: 3
t
×