Шавкат Мирзиёев Қаллибек Камолов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
Жамият
−
16:25 2547 2 дақиқа
Аввалроқ, атоқли давлат ва жамоат арбоби, таниқли меҳнат фахрийси Қаллибек Камолов вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шу муносабат билан ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчсининг матбуот хизмати хабар берди.
Қаллибек Камолов 1926 йил 18 мартда Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир туманида туғилган. Ўрта мактабни тугатиб, ҳарбий хизматни ўтаб бўлгач, 1955 йилда Нукус давлат университетини тамомлади. Меҳнат фаолиятини Қорақалпоғистон Республикаси ёшлар қўмитаси котиби лавозимидан бошлаб, кейинчалик Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, Нукус шаҳар ижроия қўмитаси раиси бўлиб ишлади.
Катта ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган Қаллибек Камолов Қорақалпоғистон Республикаси коммунал хўжалиги вазири, йўл транспорти ва автомобиль йўллари вазири, Қорақалпоғистон партия қўмитаси котиби лавозимларида самарали фаолият кўрсатган.
У 1959–1963 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, 1963–1984 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси партия қўмитасининг биринчи котиби, Республика етакчиси каби масъул вазифаларда жонбозлик кўрсатиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, турли соҳа ва тармоқларда ишни замон талаблари асосида йўлга қўйиш борасида фидокорона меҳнат қилган.
Қаллибек Камалов 1984–1986 йилларда истеъдодли дипломат сифатида ҳам самарали фаолият кўрсатган.
“У кўп йиллик серқирра меҳнат фаолияти давомида бой билим ва тажрибаси, раҳбарлик салоҳияти, юксак инсоний фазилатлари, Ватанимизга беқиёс меҳри ва садоқати билан эл-юрт қалбидан чуқур жой олган улуғ инсон эди. Унинг бевосита раҳбарлигида Қорақалпоғистон Республикасини ҳар томонлама тараққий эттириш, мавжуд мураккаб иқлим шароитида пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик ва бошқа қишлоқ хўжалиги тармоқларини, шунингдек, саноат ва ишлаб чиқаришни равнақ топтириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди”, дейилади таъзия хатида.
Қаллибек Камолов сўнгги йилларда Қорақалпоғистон Республикаси нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси сифатида кексалар ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатларини рўёбга чиқариш, жамиятда тинчлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги ишларда фаол иштирок этиб келган.
Қаллибек Камолов давлат ва халқ олдидаги улкан хизматлари учун “Шуҳрат” медали ва “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.
“Атоқли давлат ва жамоат арбоби, ёшларнинг меҳрибон устози, самимий ва камтарин инсон Каллибек Камаловнинг хотираси қалбларимизда доимо сақланиб қолади”, дейилади таъзия хатида.
Live
Барчаси