Шавкат Мирзиёев Италияга боради
Жамият
−
30 Декабрь 2019
5814Ўзбекистон Респбликаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Европа ва дунёнинг яна бир ривожланган давлати Италияга ташрифи режалаштириляпти. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарида айтилган.
Қайд этилишича, жорий йил 10-14 декабрь кунлари вазир ўринбосари Шуҳрат Вафоев бошчилигидаги вазирлик делегацияси Италиянинг Милан ва Рим шаҳарларига ташриф буюриб, Ломбардия минтақаси раҳбарияти, етакчи компания, уюшма ва таълим муассасалари вакиллари билан бир қатор музокаралар ўтказди.
Миланда бўлиб ўтган Ломбардия вилояти губернатори ўринбосари Ф. Сала билан учрашув энг муҳим бўлиб, унда Италияга олий даражадаги ташриф доирасида тадбирларга тайёргарлик кўришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди, дейилади хабарда.
2020 йилнинг баҳорида минтақадаги йирик компаниялар вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, шунингдек, Италиянинг Милан шаҳрида доимий фаолият кўрсатадиган ўзбек маҳсулотларининг кўргазма хонаси ва B2B учрашувлари ва бошқа бизнес-тадбирларни ўтказиш учун майдони бор Ўзбекистон савдо уйини ташкил этишда Италия томонининг амалий ёрдам кўрсатиши ҳақида сўз юритилди.
Италия Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро ҳамкорлик агентлиги бош директори Ж. Марраподи билан ҳам мулоқот бўлиб ўтди. Ж. Марраподи Марказий Осиёда минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорликни жадаллаштириш жараёнларида Италия томонидан техник ёрдам кўрсатиш орқали идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун салоҳиятни борлигини қайд этди. Ушбу мақсадда агентлик раҳбари аниқ ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиш учун Ўзбекистонга ташриф буюради.
Бир қатор йирик Италия компаниялари ва саноат бирлашмалари раҳбарлари билан музокаралар ўтказилди. “Fiera Milano” кўргазма маркази директори Ф. Чурчи билан 2020 йилда “Made in Uzbekistan” кўргазмасини ва Ўзбекистон-Италия бизнес-форумини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар, Италия саноати умумжаҳон конфедерацияси (“Конфиндустрия”) минтақавий президенти Э. Ферлинг билан икки мамлакат ишлаб чиқарувчиларининг саноат ва техник шериклигини йўлга қўйиш учун доимий майдон яратиш мақсадида Ўзбекистонда “Конфиндустрии” минтақавий офисини очиш тўғрисида келишувга эришилди.
Ташрифнинг муҳим амалий натижаси сифатида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва «Kedrion Biopharma» компанияси ўртасида бўлиб ўтган учрашув якунида қон қуйиш шохобчаларини қайта қуриш ва Ўзбекистонда 25 миллион евро қийматидаги қон плазмаси ишлаб чиқарадиган завод қуриш лойиҳасини амалга ошириш доирасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Бундан ташқари, “Pietro Fiorentini”, “Saipem”, “Red Fish Capital”, “Toscana Nastri”, “Famekanika”, “Omnia Onlus Fondzioni” каби 30 дан ортиқ Италия компаниялари раҳбарияти билан алоҳида учрашувлар чоғида амалга оширилаётган лойиҳалар ва янги лойиҳаларни ишга тушириш имкониятлари бўйича долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Таълим соҳасида Италиянинг энг қадимги таълим муассасасидан бири Пиза Университети проректори Ф. Марcеллони билан музокараларда билан музокаралар чоғида соҳа йўналишлари бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлаш учун Ўзбекистонда университет филиалини ташкил этиш истиқболлари ишлаб чиқилди.
LiveБарчаси