Шавкат Мирзиёев Иордания Ташқи ишлар вазирини қабул қилди

Жамият

image

Бугун, 6 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Бош вазири ўринбосари, Ташқи ишлар ва муҳожирлар масалалари бўйича вазири Айман Ҳусайн Сафадий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, суҳбат аввалида юқори мартабали меҳмон давлат раҳбарига Иордания подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг самимий саломи ва тилакларини етказган.

Учрашувда Ўзбекистон билан Иордания ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.

Ўтган йили Самарқандда олий даражада ўтган сермаҳсул музокаралар икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очгани мамнуният билан қайд этилган.

Эришилган келишувлар доирасида жорий йилда парламентлараро дўстлик гуруҳлари тузилган, Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг илк йиғилиши ўтказилиб, Ишбилармонлар кенгаши таъсис қилинди, шунингдек, ҳаво қатновлари йўлга қўйилган.

Келгусида сиёсий мулоқотларни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда қўшма лойиҳа ва дастурларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, долзарб халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг августида Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Ўзбекистонга келганди. Музокаралар якунида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Иордания подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилди. Ташриф доирасида 15 та икки томонлама ҳужжат имзоланди. Шунингдек, Иордания подшоҳининг давлат ташрифи доирасида у Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Иорданиянинг “Ан-Наҳда” (“Ренессанс”) ордени билан тақдирлади.  Ўзбекистон-Иордания саммити якунида биргаликда дарахт экиш маросими бўлиб ўтди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг