Шавкат Мирзиёев Имомали Раҳмонни юбилейи билан табриклади

Жамият 4263
image
-

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонни 70 ёшни қаршилагани билан табриклаб, телеграмма йўллади.

“Сиз Жаноби Олийларига 70 ёшингиз муносабати билан самимий табрик ва эзгу тилакларимни билдиришдан чин дилдан мамнунман.

Биз сизни замонавий Тожикистоннинг атоқли давлат арбоби, халқингизнинг буюк фарзанди ва юртингиз тинчлиги ва фаровонлиги йўлида катта матонат билан меҳнат қилаётган ҳақиқий раҳбар сифатида биламиз”, дейилади табрикда.

Шавкат Мирзиёев Имомали Раҳмоннинг узоқни кўра олувчи ва оқилона сиёсати натижасида халқнинг турмуш даражаси юксалиб, Тожикистон барча соҳаларда салмоқли ютуқларга эришаётгани, халқаро майдонда давлат нуфузи юксалиб бораётганини таъкидлаган.

“Сўнгги йилларда амалга оширилган олий даражадаги ташрифлар, ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш тамойилларига асосланган фаол мулоқотимиз стратегик шериклик муносабатларини мутлақо янги босқичга – иттифоқчилик муносабатларига олиб чиқди.

Шубҳасиз, қатъий сиёсий иродамиз ва ўзаро саъй-ҳаракатларимиз туфайли Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар бундан буён ҳам барча соҳаларда абадий дўстлик, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик руҳида ривожланади”, дейилади Ўзбекистон Президентининг телеграммасида.

Президент Мирзиёев Имомали Раҳмонни ҳаётидаги унутилмас кун – шонли юбилей билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт ва масъулиятли давлат фаолиятида улкан муваффақиятлар, қардош Тожикистон халқига эса тинчлик, осойишталик ва доимий тараққиёт тилаган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 52
Рейтинг: 3.1
t
×