Шавкат Мирзиёев Илҳом Алиевни Ўзбекистонга таклиф қилди
Жамият
−
15 Октябрь 2019
4397Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14-15 октябрь кунлари Озарбайжоннинг Баку шаҳрида ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг еттинчи саммитида иштирок этди. Энди Ўзбекистон ушбу ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланди.
Ташкилот саммитида иштирок этиш баробарида Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан учрашув ўтказгани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон раҳбари Озарбайжон Президентини Ўзбекистонга таклиф қилган.
“Сизни ўзингизга муносиб бўлган вақтда Ўзбекистонга таклиф қиламан. Ўзбекистонга ташриф буюрмаганингизга кўп бўлди. Истардимки, сизга муносиб бўлган вақтда Ўзбекистонга келинг. Бу муносабатларимизга янги мазмун баҳш этсин. Кейин мен ҳам Озарбайжонга, албатта, ташриф буюраман”, деган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев.
Ўз навбатда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифини мамнуният билан қабул қилиб, “Таклифингиз учун ташаккур. Мамнуният билан қардош Ўзбекистон диёрига ташриф буюраман”, деган. У сўзида давом этаркан, сўнгги уч йилда Ўзбекистонда олиб борилаётган тарихий ислоҳотларни, ўзгаришларни кузатиб келаётганини айтади.
“Биз сизнинг раҳбарлигингиз остида Ўзбекистонда амалга оширилган ўзгаришларни диққат билан кузатиб боряпмиз. Ислоҳотлар ва Ўзбекистонни жадал ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларингиз ўз самарасини беришига ишончимиз комил. Бугунги кунда мамлакатингиз катта халқаро обрўга эга бўлди ва иқтисодиётда, ижтимоий соҳада амалга оширган ислоҳотларингиз нафақат Ўзбекистон фуқароларига, балки бизга ҳам катта таъсир кўрсатди. Чунки биз дўстлар ва қардош сифатида ҳар доим бир-биримизнинг ютуқларимиздан хурсанд бўламиз”, деган Алиев.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Озарбайжон Республикаси Президентлари ўртасидаги борди-келдиларнинг охиргисига жорий йилда 8 йил тўлди. Сўнгги бор Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев 2010 йилнинг 27-28 сентябрь кунлари Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. Илҳом Алиев ташрифи доирасида Тошкентда Ҳайдар Алиев номидаги маданият маркази очилди. Марказни Президент Алиев ва Шавкат Мирзиёев очиб берганди.
Ўзбекистон Республикаси раҳбарининг Озарбайжонга сўнгги ташрифи эса 2011 йилнинг 11-12 сентябрь кунларига тўғри келган. Ташриф доирасида Баку шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали очилган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь