Шавкат Мирзиёев Эрдўғанни туғилган куни билан табриклади
Жамият
−
26 Февраль 2021
4173Бугун, 26 февраль куни, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Давлат раҳбари суҳбат аввалида Туркия Президентини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлик ва катта муваффақиятлар ҳамда биродар турк халқига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилади. Президент Эрдоғаннинг замонавий Туркиянинг барқарор тараққиётини таъминлаш, халқаро майдонда мамлакат нуфузини оширишдаги роли алоҳида қайд этилди.
Суҳбатда икки томонлама ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Икки мамлакат етакчилари олий даражадаги мунтазам мулоқотлар пандемиянинг мураккаб шароитларида кўп қиррали Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлигининг юқори суръатини сақлаб қолишга хизмат қилаётганини таъкидладилар.
Ўзбекистон Президенти Туркия ҳукумати томонидан мамлакатда коронавирус инфекцияси тарақалишига қарши курашишда кўрсатилаётган ёрдам ва амалий кўмак учун ўз ҳамкасбига яна бир бор миннатдорлик билдирди.
Савдо, саноат, энергетика, инфратузилма, транспорт, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги қўшма лойиҳалар, таълим ва маданий-гуманитар алмашинув дастурларининг амалга оширилиши ҳам кўриб чиқилди.
Ўзаро товар айирбошлаш ва инвестицияларни кўпайтириш учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш, шу жумладан Преференциал савдо тўғрисидаги битимни тез фурсатда тайёрлаш ва қабул қилиш муҳимлиги қайд этилди. Инвестиция муҳитини такомиллаштириш, ҳудудларни жадал индустриал ривожлантириш, махсус иқтисодий зоналар фаолиятини самарали ташкил этиш масалаларида Туркиянинг илғор тажрибасини ўрганиш ва жорий этишдаги ҳамкорлик фаоллашмоқда.
Давлат раҳбарлари таълим, кинематография, маданият ва туризм соҳаларида қатор аҳамиятли лойиҳаларни амалга ошириш муҳим эканини таъкидладилар.
Шунингдек, бўлажак олий ва юқори даражадаги икки ва кўп томонлама тадбир ва мулоқотлар режаси муҳокама қилинди, жумладан, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг бўлажак саммитига тайёргарликнинг бориши кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ва Туркия Президентларининг суҳбати ҳар доимгидек очиқ, дўстона ва ўзаро ишонч руҳида ўтди.
Маълумот учун, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 1954 йил 26 февраль куни Истанбулда таваллуд топган. У бугун 67 ёшни қаршилади.
LiveБарчаси