Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котиби ёрдамчисини қабул қилди
Жамият
−
18 Август 2023
3515Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 18 август куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг сиёсий масалалар ва тинчликни барпо этиш масалалари бўйича ёрдамчиси Мирослав Енча бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, учрашувда узоқ муддатли Барқарор ривожланиш мақсадларини рўёбга чиқариш борасида БМТ институт ва марказлари билан кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.
Даставвал Мирослав Енча Шавкат Мирзиёевга ташкилот Бош котиби Антониу Гутерришнинг саломини етказган. БМТ тузилмалари бундан буён ҳам Янги Ўзбекистоннинг ислоҳотлар дастурини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлиги қайд этилган.
Айтиш жоизки, кейинги йилларда Ўзбекистоннинг БМТ билан ўзаро манфаатли ҳамкорлиги яхшиланиб бормоқда. Биргаликда қарийб 140 та дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Бош ассамблеясининг 6 та резолюцияси қабул қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш, Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш комиссияси, UNESCO'нинг маданий мерос бўйича қўмитаси ва кўплаб бошқа тузилмаларда фаол иштирок этмоқда.
Жорий йилнинг биргина иккинчи ярмида мамлакатимизда БМТ доирасидаги қатор муҳим халқаро тадбирлар, шу жумладан Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича FAO конференцияси ҳамда Жаҳон туризм ташкилоти бош ассамблеясининг 25-юбилей сессияси ўтказилиши режалаштирилган.
Учрашувда барқарор тараққиёт соҳасидаги миллий вазифа ва мақсадларни амалга ошириш бўйича амалий ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилган. Марказий Осиёда яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ва бу жараёнда БМТнинг Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ролини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президенти Шавкат Мирзиёев Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг таклифига биноан эртага, 19 август куни амалий ташриф билан Будапешт шаҳрига бориши ҳақида хабар берилган эди. Ташриф давомида Ўзбекистон Президенти фахрий меҳмон сифатида Венгрия давлат байрами – авлиё Иштван кунига бағишланган тадбирларда иштирок этади ҳамда Будапештда ўтаётган енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатининг эркаклар ўртасидаги югуриш мусобақалари финалига ҳам бориши режалаштирилган.
LiveБарчаси