Шавкат Мирзиёев бир гуруҳ ёшларга давлат мукофотларини топширди
Жамият
−
18:58 491 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29 июндаги фармони ва қарорига мувофиқ, ўз билими, истеъдоди, ташаббускорлиги ва фидойилиги билан Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ ёшлар “Келажак бунёдкори” медали ва“Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланган эди. Бугун, 30 июнь – Ёшлар кунида Тошкентдаги Олимпия шаҳарчасида ана шу мукофотларни топшириш маросими бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари мамлакат ёшларининг ҳар бирида катта салоҳият, истеъдод ва иқтидор борлигини қайд этган.





“Сизлар ўз даврида буюк кашфиётлари билан дунё цивилизациясига улкан ҳисса қўшган, Биринчи ва Иккинчи Ренессанснинг “ақл чироғи” бўлган буюк аждодларимизнинг муносиб ворисларисиз. Албатта, ворислик фақат фахрланиш эмас, ворислик бу улкан масъулият ҳамдир!





Аждодларимиз инсоният тараққиёти учун қандай буюк ишлар қилган бўлса, сизлар Янги Ўзбекистонда янги уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдеворини яратадиган куч бўлишингиз керак!” дейди Шавкат Мирзиёев.
Шундан сўнг Президент ёшларга давлат мукофотларини топширган.
“Бутун халқимиз номидан бугунги давлат мукофотлари соҳибларини яна бир бор табриклайман. Мазкур юксак эътироф сизларни янги марралар сари етакласин! Сафингиз янада кенгаяверсин!” дейди Ўзбекистон етакчиси.






Мукофотланган ёшлар давлат томонидан яратилаётган имкониятлар учун миннатдорлик билдириб, бундан буён ҳам ўз билими, меҳнати ва ташаббуслари билан мамлакат равнақига муносиб ҳисса қўшишга тайёр эканини таъкидлаган.
Live
Барчаси