Шавкат Мирзиёев бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларни мукофотлади
Жамият
−
14 Январь 2021
9878Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳи ҳарбий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланган эди. Бугун, 14 январь куни ана шу юксак мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Президент, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони йиғилганларни, барча ҳарбийларни, уларнинг оила аъзоларини байрам билан муборакбод этган.
“Илгари армия алоҳида, халқ алоҳида бир дунё эди. Президент Шавкат Мирзиёев илк кунлардан “халқ билан армия – бир тану бир жон” деган муҳим ғояни илгари сурди ва вазият тубдан ўзгарди”, дейилади хабарда.
Ҳарбий қисмлар эшиклари халқ учун, бўлажак Ватан посбонлари – ёш авлод учун ҳамиша очиқ бўлиши кераклиги таъкидланган.
“Армия фақат қурол ва аслаҳа билангина кучли ҳисобланмайди, балки она Ватан учун жонини аямайдиган ҳарбийлар – аскар ва офицерлар, генераллар билан қудратлидир. Армиямизнинг имкониятлари ва жанговар салоҳиятини белгилайдиган асосий омил мана шу, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз”, дея таъкидлади Президент.
Маросимда бугун дунёнинг турли нуқталарида тинчлик ва осойишталикка таҳдид ва хатарлар, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар юз бераётгани қайд этилган. Ушбу хавфларга муносиб қарши тура олиш учун инсонда чинакам ватанпарварлик, юксак билим ва тафаккур, метин ирода бўлиши зарурлиги таъкидланган.
“Буюк саркарда Амир Темур бобомиз: “Аскарлари ботир эл қудратли бўлур”, деганларида айнан ана шу ҳақиқатни назарда тутган эдилар. Мен ҳар бир аскар, Ватаннинг ҳар бир посбони Амир Темур ва улуғ лашкарбошиларимиз ўгитларини, уларнинг ҳарбий меросини чуқур билиши керак, деб қайта-қайта таъкидлаб келаман. Бу ўлмас ва бебаҳо мерос ҳозирги кунда ҳам ҳар биримизнинг қалбимизга чексиз ғурур бахш этади, муқаддас тупроғимизга садоқат туйғуларини кучайтиради”, деган Шавкат Мирзиёев.
Президент юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган жасур ҳарбийларни ана шундай аждодларнинг чинакам ворислари, деб атаган.
Маросимда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, божхона тизими ва ички ишлар органлари ходимлари иштирок этган.
Олий Бош Қўмондон йиғилганлар тимсолида бугун жойларда юксак давлат мукофотларини қабул қилиб олаётган барча ҳарбий хизматчиларни самимий табриклаган.
Президент Шавкат Мирзиёев унвон тўғрисидаги гувоҳномаларни, орден ва медалларни тантанали равишда топширди. Ватан ҳимоячиларига сиҳат-саломатлик, зиммасидаги олижаноб вазифаларни самарали адо этишда улкан зафарлар тилаган.
LiveБарчаси