Шавкат Мирзиёев билан чегара масаласини ҳал қиламиз – Қирғизистон расмийси
World
−
23 June 5465 1 minute
Жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи бўлиб ўтади ҳамда ташриф доирасида “Сейдикум” чегара назорат-ўтказиш пунктини очиш масаласи муҳокама қилинади. Бу ҳақда Қирғизистон Давлат чегара хизмати раисининг биринчи ўринбосари – Бош штаб бошлиғи Мирзамир Сидиқов Жогорку Кенешнинг халқаро ишлар қўмитаси йиғилишида маълум қилган.
Депутат Айбек Алтинбековнинг таъкидлашича, ҳозирда Қирғизистон–Ўзбекистон чегарасидаги барча назорат-ўтказиш пунктлари очилган бўлиб, фақат “Сейдикум” пункти ишламаяпти. Унинг сўзларига кўра, мазкур пунктнинг очилиши Бозорқўрғон тумани иқтисодиёти учун манфаатли бўлади.
Чегара хизмати раҳбари ўринбосарининг айтишича, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссияси ушбу масала бўйича иш олиб бормоқда. Томонлар чегара пунктларига оид келишувларни муҳокама қилмоқда ва шу мақсадда расмийлар томонидан 18 июнь куни Наманганда учрашув ўтказилган.
“Чегара назорат-ўтказиш пунктлари тўғрисидаги келишувга ўзгартиришлар киритилди, жумладан, “Сейдикум” пункти бўйича ҳам. Август ойида Ўзбекистон Президентининг Қирғизистонга давлат ташрифи бўлиб ўтади ва мазкур масала имзолаш учун кун тартибига киритилади”, деган Мирзамир Сидиқов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе журналистлар билан суҳбатда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг жорий йилнинг июль ойида Грузияга ташрифи кутилаётганини маълум қилганди.
Live
AllQo'yliqda ham yong'in sodir bo'ldi
06 August