Шавкат Мирзиёев Байден билан учрашди
Жамият
−
20 Сентябрь 2023
7412Кеча, 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси тадбирлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатлари Президенти Жозеф Байден билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувда икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.
“АҚШ Президенти мамлакатимиз мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳамда Янги Ўзбекистонда амалда оширилаётган ва муқаррар тус солган ислоҳотлар сиёсатини қатъий қўллаб-қувватлашини тасдиқлади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, суҳбат давомида АҚШнинг етакчи компания ва банклари билан амалий ҳамкорлик лойиҳаларини илгари суришга тўхталиб ўтилган.
“Ишбилармонлар билан ўтказилган икки томонлама учрашувлар ҳамда Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифидан олдин ўтган бизнес форуми якунлари мамнуният билан қайд этилди”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик соҳаларида ҳамда инсон фаровонлигини таъминлашнинг бошқа йўналишларида конструктив ҳамкорликни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилган.