Шавкат Мирзиёев БАА вакили билан сунъий интеллект ва рақамлаштириш масаласини кўриб чиқди

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий бошчилигидаги делегация билан 4 апрель куни учрашув ўтказди. Учрашувда юқори технологиялар, сунъий интеллект, рақамлаштириш, шаҳар инфратузилмасини модернизация қилиш борасидаги аниқ лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш истиқболлари, ҳудудларнинг савдо-инвестициявий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва бошқа масалалар кўриб чиқилган. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари ушбу йўналишлар бўлажак олий даражадаги икки томонлама саммит кун тартибининг асосини ташкил этиши лозимлигини қайд этган.

Бундан ташқари, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, бошқарувда профессионал кадрларни ва дастурчиларни тайёрлаш, электрон ҳукуматни жорий қилиш йўналишларида ва бошқа соҳаларда ўзаро фойдали ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдорлик билдирилган.

Вазир ал-Гаргавий Мирзиёевга Амирликлар Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён ҳамда мамлакат Вице-президенти, Бош вазири, Дубай амири Шайх Муҳаммад Ол Мактумнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.

Учрашув сўнгида Ўзбекистон Президенти томонидан жорий дастурларни жадаллаштириш ва истиқболли лойиҳаларни тайёрлашни назарда тутувчи “йўл харитаси”ни янгилаш юзасидан топшириқлар берилган.

Якунда вазир ал-Гаргавийга Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни кенгайтиришга қўшган катта ҳиссаси ва Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурини ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистоннинг юксак мукофоти – “Дўстлик” ордени топширилган.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев сунъий интеллект

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг