Шавкат Мирзиёев АҚШ Савдо вазири билан учрашди
Жамият
−
00:45 270 2 дақиқа
Бугун, 19 февраль куни (АҚШ вақти билан 18 февраль) Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга амалий ташрифи АҚШ Савдо вазири Ховард Латник билан учрашувдан бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклигини янада мустаҳкамлашнинг амалий жиҳатлари, шунингдек, устувор йўналишларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш масалалари муҳокама қилинган.
Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг асосий шерикларидан бири эканлиги мамнуният билан қайд этилган. Ўзаро савдо ҳажми 1 миллиард доллардан ошган, Ўзбекистон бозорида АҚШнинг 340 га яқин компаниялари фаолият юритмоқда.
Энергетика, ўта муҳим минераллар, транспорт, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари ва бошқа соҳаларда йирик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Қиймати 35 миллиард доллар бўлган уч йиллик Иқтисодий ҳамкорлик дастури амал қилмоқда. Бугун ишбилармонлик тадбирлари доирасида бир қатор муҳим келишувлар имзоланиши кутилмоқда.
Устувор лойиҳаларни тизимли қўллаб-қувватлаш учун яқинда ташкил этилган Ишбилармонлик кенгашининг имкониятларидан фойдаланиш ва Инвестиция платформасини ишга тушириш зарурлиги таъкидланган.
Қайд этилишича, учрашувда савдо муносабатларини ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон ҳудудлари билан тўғридан тўғри ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев рафиқаси ҳамроҳлигида амалий ташриф билан АҚШга етиб борган эди. АҚШга ташриф доирасида Мирзиёев “Тинчлик кенгаши”нинг биринчи саммити ва бир қатор ишбилармонлик тадбирларида иштирок этади.
Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида Американинг етакчи компаниялари ва молия институтлари раҳбарлари иштирокидаги стратегик лойиҳалар тақдимоти ҳамда иқтисодий соҳага оид икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросимида иштирок этиши кўзда тутилган.
Live
БарчасиАрманистонда отишма юз берди. Қурбон бор
18 Февраль