Шавкат Мирзиёев АҚШ савдо вакили билан учрашди
Жамият
−
03:20 220 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга амалий ташрифи доирасидаги ишбилармонлик учрашувларининг навбатдагиси АҚШ савдо вакили Жеймисон Грир билан бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувда қўшма лойиҳалар доирасида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросимининг амалий натижалари муҳокама қилинган.
Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклик муносабатлари, энг аввало, савдо-иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларида барқарор суръатда ривожланиб бораётгани таъкидланган.
Ўзаро савдони кўпайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишдаги муваффақиятлар мамнуният билан қайд этилган. Ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард доллардан ошган.
Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини якунига етказишга оид масалаларда амалий ҳамкорликни кучайтириш ва АҚШ томонидан ушбу жараёнларни янада қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Маҳсулотларни барқарор етказиб бериш, техник тартибга солиш ва рақамли савдога оид минтақавий ёндашувларни ишлаб чиқиш мақсадида Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ўртасидаги Савдо ва инвестициялар бўйича ҳадли битим (TIFA) доирасида ҳамкорликни фаоллаштириш таклифи билдирилган.
Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти АҚШ савдо вакили Жеймисон Грирни жорий йилнинг июнь ойида бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этишга таклиф қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев АҚШ Савдо вазири Ховард Латник билан учрашгани ҳамда АҚШ Экспорт-импорт банки президенти ва раиси Жон Йованович, шунингдек, Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC) бош ижрочи директори Бэн Блэкни қабул қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиАрманистонда отишма юз берди. Қурбон бор
18 Февраль