Шармандали Олимпиада. Генетик дискриминация қурбони бўлаётган бокс
Спорт
−
03 Август
50292Шармандали Олимпиада тобора ўзининг авж палласига кирмоқда. Тўрт йилликнинг энг йирик спорт тадбири Олимпиаданинг очилиш маросимидаги саҳна кўринишлар, жоиз бўлса “бадиий чиқишлар” нафақат ислом давлатлари, балки қитъа ортида ҳам етарлича эътирозларга сабаб бўлди. Майли очилишга кўз юмиб, спорт баҳсларига эътиборни қаратайлик десак, эркак боксчиларнинг аёллар билан жанг қилишига нима дейсиз?
Бугун, Олимпиададаги қовунлар cерияси ҳақида сўз очишимиз аниқ, лекин Париждаги мусобақалар ўйлаймизки, дунё ўзбеклари учун Диёранинг оламшумул ғалабасию, ўзбек дзюдоси ва боксининг йирик натижалари ёдда қолади. Ассалому алайкум. QALAMPIR.UZ’да ҳафта спорти таҳлили.
Диёра Келдиёрова Олимпиададаги кимоносини Лозанна музейига совға қилди
Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари чемпиони, дзюдочи Диёра Келдиёрова мусобақада курашган кимоносини Халқаро Олимпия қўмитасининг музейига совға қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Ўйинларнинг асосий матбуот марказида ушбу тадбирга бағишланган анжуман ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби Ойбек Қосимов, шунингдек, Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) ва Халқаро дзюдо федерацияси мутасаддилари қатнашди.
Келдиёрова ёзги Олимпия ўйинларида олтин медалга сазовор бўлган илк ўзбек аёл спортчисига айланди. Ўз навбатида, Диёра ҳам тарихий чемпионликка эришганидан мамнунлиги, кимоноси ХОҚ музейидан жой олаётгани у учун шараф эканини қўшимча қилди.
Тадбир якунида ташкилотчилар ҳам Келдиёровага ўзига хос совға тайёрлади. Диёранинг дзюдо оламидаги кумири, икки карра Олимпиада чемпиони, франциялик Кларисс Агбенену Келдиёрова тарихий ғалаба билан қутлаб, унга ўзининг илиқ тилакларини йўллади.
“Олға, Ўзбекистон!” Британия элчиси Келдиёровани ғалаба билан табриклади
Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тимоти Смарт Париж Олимпиадасида дзюдо бўйича олтин медални қўлга киритган Диёра Келдиёровани ғалаба билан табриклади. Бу ҳақда у ўзининг X (Twitter) саҳифасида твит қолдирган.
“Ўзбекистон ва Диёра Келдиёровани ғалаба билан самимий табриклайман! Бу нафақат ёзги Олимпиада ўйинларида ўзбек спортчиси томонидан қўлга киритилган биринчи Олимпия олтини, балки Ўзбекистондаги барча қизларнинг хоҳлаган нарсасига эриша олишини кўрсатадиган медалдир! Олға, Ўзбекистон!” дея ёзган у.
Париж-2024: Дикторлар очилиш маросимида Жанубий Кореяни КХДР билан адаштириб юборди
Ёзги Олимпиаданинг очилиш маросимида Жанубий Корея терма жамоаси Шимолий Корея термаси деб эълон қилинди. Бу ҳақда “Yonhap” хабар берди.
Жанубий Корея делегацияси қирғоқ бўйлаб юрганида француз ва инглиз тилларида сўз юритувчи дикторлар мамлакатни Корея Халқ Демократик Республикаси деб эълон қилди.
Жанубий Корея делегацияси парадда 48-рақамда, КХДР жамоаси эса 153-бўлиб чиқиш қилди.
Жанубий Корея спорт вазирлиги дикторларнинг хатоси юзасидан Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) президенти Томас Бах билан учрашишни талаб қилмоқда ҳамда ХОҚ ва маҳаллий ташкилий қўмитадан ҳолат юзасидан тушунтириш беришини истаяпти.
ХОҚ Х’даги саҳифасида корейс тилидаги саҳифасида бўлиб ўтган ҳолат юзасидан узр сўради.
“Очилиш маросимида Жанубий Корея делегацияси билан боғлиқ хатолик учун чуқур узр сўраймиз”, дейилади хабарда.
ХОҚнинг узри ҳали ташкилотнинг инглиз тилидаги саҳифаларида чиқмади.
Олимпиадада Жанубий Судан ўрнига адашиб бошқа давлат мадҳияси қўйиб юборилди
2024 йилги ўйинлар ташкилий қўмитаси баскетбол ўйини олдидан Жанубий Судан давлатининг мадҳияси ўрнига бошқа давлат мадҳияси қўйиб юборилгани учун узр сўради.
Париж Олимпиадаси ташкилий қўмитасининг алоқалар бўйича директори Энн Декампс Пуэрто-Рикога қарши ўйин олдидан Жанубий Судан мадҳиясини аралаштириб юборган ташкилотчилар хатоси учун узр сўради.
“Агар биз адашган бўлсак, узр сўраймиз”, дейди Дескамес.
28 июль куни Жанубий Судан ва Пуэрто-Рико ўйини бўлиб ўтди. Ташкилотчилар 2011 йилда мустақил бўлган Жанубий Судан мадҳияси ўрнига бошқа куйни қўйиб юборди. Жамоа мухлислари хатодан норозилик билдирди.
Жанубий Судан Пуэрто-Рикони 90:79 ҳисобида мағлуб этди ва Олимпиадада ўз тарихидаги илк ғалабасини қўлга киритди.
Париж Олимпиадасида аёл боксчи эркак бўлиб чиқди
Францияда бўлиб ўтаётган 2024 йилги ёзги Олимпиада ўйинларининг бокс бўйича аёллар ўртасидаги баҳсларда италиялик Анжела Карини рақиби, жазоирлик Иман Хелифга қарши жангнинг 46-сониясида тўқнашувни давом эттиришдан бош тортди. Бу ҳақда “Sky News” хабар берди.
Нашрда келтирилишича, Анжела Карини жанг давомида рақибининг кучли зарбаларига дош бера олмаган. Илгари тестостерон ва жинсга оид тестлардан ўта олмагани учун жаҳон чемпионатларида қатнашиши тақиқланган Жазоир боксчиси эса рақиби мусобақани тарк этганидан сўнг, Олимпиададаги дастлабки жангида ғалаба қозонди.
Италия вакили жангдан сўнг рингда тиз чўккан ва қарор эълон қилинганида Иман Хелифнинг қўлини сиқишдан бош тортган.
Халиф 2023 йилда Нью-Деҳлида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида олтин медаль учун курашдан бир неча соат олдин Халқаро бокс ассоциациясининг (IBA) мувофиқлик мезонларини бажара олмагани учун дисквалификация қилинган эди. Жазоир Олимпия қўмитаси (СОА) эса аввалроқ Хелифга қилинган ҳужумларни қоралаганди.
Шу билан бирга, эртага, 2 август куни 57 килограмм вазн тоифасида Хитой Тайпейи (Тайван) вакили Линь Юй-Тин ўзбекистонлик Ситора Турдибековага қарши рингга кўтарилади. Икки карра жаҳон чемпиони Лин ташкилотчилар мезонларини бажара олмагани учун жаҳон чемпионатидаги бронза медалидан маҳрум бўлганди. Линь ҳам, Хелиф ҳам 2020 йилда Токио ўйинларида ҳеч қандай баҳс-мунозараларсиз жанг қилган иккита Олимпиадачи ҳисобланади.
“Уларнинг паспортларига аёл деб ёзилган. Шу боисдан уларнинг жинсини муҳокама қилиш асоссиздир”, деган Халқаро олимпия қўмитаси матбуот котиби Марк Адамс.
LiveБарчаси